Ўзбек миллий ҳунармандчилиги Хитойда намойиш этилди

Шу кунларда Тошкент шаҳар ҳокими вазифасини бажарувчи Шавкат Умурзоқов бошчилигидаги делегация Хитой Халқ Республикасида бўлиб турибди.
Ташриф давомида делегация аъзолари Шанхайда бўлиб, шаҳар маъмурияти делегация иштирокчиларини маданий объектларни бошқариш, шаҳар режалаштирилиши ва қурилиши борасидаги тажрибаси билан танишди.
Шунингдек, Хитой компаниялари билан яшил технологиялар, ақлли шаҳарсозлик, транспорт, савдо соҳаларида ҳамкорликни ўрнатиш, инвесторларни Тошкент шаҳрида амалга оширилаётган йирик лойиҳаларга жалб этиш, мавжуд ва истиқболли қўшма лойиҳалар кўламини кенгайтириш мақсадида ХХРнинг бизнес доиралари вакиллари билан учрашувлар давом этмоқда.


Ушбу тадбирлар доирасида ўзбек миллий ҳунармандчилиги кўргазмаси ташкил этилди. Тошкент – Шанхай шаҳарлари ҳамкорлигининг 30 йиллигига бағишланган концерт арафасида ташкил этилган кўргазма хитойликлар ҳамда Хитойда кўп йиллар давомида истиқомат қилиб келаётган юртдошларимизда катта қизиқиш уйғотди.
Гулноза Бобоева, ЎзА