Германияда темир йўл ҳайдовчилари олти кунлик иш ташлаш эълон қилган. Иш ташлашлар 24 январь куни бошланиб, 29 январь куни душанба оқшомига қадар давом этади. Уларнинг асосий талаби иш ҳафтасини қисқартиришдир, деб хабар бермоқда «Dautsche Welle» нашри.

Юк поезди машинистлари эса иш ташлашни аввалроқ, 23 январдан бошлаб эълон қилиши айтилган.

«Германия темир йўл концерни ўзининг гўёки «такомиллаштирилган» таклифи билан аввалги йўналишида давом этишини яна бир бор намойиш этди, яъни, келишувга эришишдан асар ҳам йўқ» – деган маҳаллий намойишчилардан бири.

Бугунги кунда “Deutsche Bahn” концерни билан иттифоқ тарифлари бўйича музокаралар тўхтатилган. Концерн билан музокараларнинг тўхтатилишига ҳайдовчиларнинг иш ҳафтасини жорий 38 соатдан 35 соатгача қисқартиришдан бош тортганлиги сабаб қилиб кўрсатилган.

Шундай бўлсада, “Deutsche Bahn” ўзининг янги муроса таклифини тақдим этди, у иш ҳақини сақлаб қолган ҳолда иш вақтини 2026 йилдан бошлаб ҳафтасига 37 соатгача қисқартириш имкониятини тақдим этади.

Эсингизда бўлса, аввалги ҳайдовчиларнинг иш ташлаши 10-12 январь кунлари бўлиб ўтган эди. Шу иш ташлаш пайтида “Deutsche Bahn” фавқулодда вазият жадвалини жорий қилди, бу эса шаҳарлараро поездларнинг тахминан 80 фоизини ва минтақавий шаҳарлараро поездлар ҳаракатининг бекор қилинишига олиб келган эди.