Музаффархон Эркинов халқаро кинофестивалга ҳакамлик қилади

Кинематография ахборот хизматининг маълум қилишича, ўзбек кинорежиссёри Музаффархон Эркинов нуфузли халқаро кинофестивалга ҳакамлик қилади
Ўзбек кинорежиссёри Сербия давлатида ўтказилаётган “17-Кустендорф” халқаро кинофестивалида 3 та асосий бош ҳакамлар ҳайъати қаторидан жой олди.

Сербияда жаҳон кино афсонаси Эмир Кустурица ташкил қилган “17- Кустендорф” халқаро кино ва мусиқа фестивали 2024 йил 23-27 январь кунлари бўлиб ўтади. Кустендорф кинофестивалига кинорежиссёр Эмир Кустурица томонидан асос солинган. Маълумот учун, Эмир Кустурица 2023 йил Тошкент халқаро кинофестивалида иштирок этган эди. Кустендорф ҳар йили янги пайдо бўлган режиссёрлар ва жаҳон муаллифлик фильмининг буюкларини бирлаштиришга эътибор қаратади.

Эслатиб ўтамиз, Музаффархон Эркинов — ўзбекистонлик режиссёр ва продюсер. У режиссёр сифатида саккизта бадиий фильм яратган. “Ушалмаган орзу” (2008), “Истеъдод” (2010), “Қасос” (2014), “Абдулла Авлоний” (2019), “Ойдинлар” (2021), “Пуанкаре” (2022), “Абдулла Орипов” (2023) шулар жумласидан. Шунингдек, у “Саодат” (2016, 2018), “Эзгулик ҳудуди” (2017) “Абдулла Авлоний”, “Ойдинлар”, “Пуанкаре”, “Абдулла Орипов” каби тарихий сериалларни, шу билан бирга “Умидли дунё”, “Новвой”, “Юрак тилни ифода эта олмайди”, “Бешкуби”, “Влад”, “Тақдир”, “Ҳаёт тўхтайди”, “Бўш вақт қадри”, “Гулистон бўстонга айланади”, “Миллий парламент тарихи” каби 30 дан ортиқ қисқа метражли ва ҳужжатли фильмлар суратга олган.
Унинг режиссёр сифатидаги фаолияти Ўзбекистонда ҳам, халқаро миқёсда ҳам эътироф этилди.
Насиба Элибекова, ЎзА