Ўзбекистон-Хитой аграр таълим форуми

Маълумки, Хитой Ўзбекистон билан кўп томонлама амалий ҳамкорликни йўлга қўйган бўлиб, бу ҳам айнан хитойлик ҳамкорларнинг Ўзбекистонга қизиқиши ниҳоятда кучли эканидан далолат беради.
Шу кунларда, Хитой Халқ Республикасининг пойтахти Пекин шаҳрида жойлашган Ўзбекистон элчихонасида бўлиб ўтаётган Ўзбекистон-Хитой аграр таълим форумида Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов, Шимоли-Ғарбий Қишлоқ ва ўрмон хўжалиги университети проректори профессор Ву Путе ҳамда Sinszyan университети ректори Сяо Фу ва бир қатор қишлоқ хўжалиги университети раҳбарлари иштирок этмоқда.

Ҳозирда Тошкент давлат аграр университети Шимоли-Ғарбий Қишлоқ ва ўрмон хўжалиги университети ҳамда Sinszyan университети билан бир қатор ҳамкорлик лойиҳаларини амалга ошириб келмоқда.
Хусусан, яқинда Sinszyan университетининг 20 нафар ўқитувчи ва талабалари Тошкент давлат аграр университетига амалиёт ўташ учун келгани ҳам Ўзбекистон-Хитой ўртасидаги кўп йиллик манфаатли ҳамкорликнинг яна бир кўринишидир.

Асосийси, мазкур форумда Хитой Халқ Республикасининг аграр таълим йўналишидаги олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш, энг сўнгги технологияларни ўзаро трансфери тўғрисида фикр алмашинуви йўлга қўйилмоқда.
Иброҳим Абдураҳмонов ўз навбатида бугунги кунда илм-фанни ривожлантириш орқали қишлоқ хўжалигида янгича қараш, янгича муносабатларга ишонч билдирган ҳолда давлатимиз раҳбарининг Хитой Халқ Республикасига амалга ошираётган ташрифи кенг кўламли ислоҳотларнинг изчиллигини таъминлашда алоҳида ўрин тутишини таъкидлади.

Шунингдек, ташкил этилаётган мазкур учрашувлар ёшларга таълим бериш ва уларнинг инновацион ғояларини ҳаётга татбиқ этишни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга хизмат қилади.
ЎзА