Ўзбекистон – Хитой: парламентлараро алоқалар кўлами қандай?

343

Сўнгги йилларда Хитой Халқ Республикаси билан барча соҳаларда ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқалари ривожланиб бормоқда. Жумладан, парламентлараро алоқалар доирасида ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Шу ҳақда суҳбатлашиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси раиси Дилором Файзиевага мурожаат қилдик.

– Аввало, Ўзбекистон – Хитой давлатлараро муносабатларининг ривожланиш омилларига тўхталиб ўтсангиз.  

– Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги самимий алоқалар, дўстлик, ҳамкорлик ришталари узоқ ўтмишга бориб тақалади. Мустақиллик йилларида бу алоқалар янада кенгайиб, стратегик аҳамият касб этди.

Ўзбекистон Республикаси ва Хитой Халқ Республикаси ўртасида дипломатик муносабатлар 1992 йилнинг 2 январида ўрнатилган. 1991 йилдан буён икки мамлакат раҳбарларининг 22 та учрашуви бўлиб ўтгани муносабатларнинг ўзаро манфаатли эканидан далолатдир.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 24-27 апрель кунлари “Бир макон, бир йўл” иккинчи халқаро форумидаги, дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллиги муносабати билан 2022 йил 25 январда Марказий Осиё ва Хитой давлат раҳбарларининг онлайн саммитидаги, 2022 йил 24 июнда “БРИКС плюс” форматидаги глобал ривожланиш бўйича олий даражадаги Мулоқотдаги иштироки давомида Ўзбекистон Республикаси Президенти билдирган таклифлар икки мамлакат томонидан олиб борилаётган сиёсий, савдо-иқтисодий ҳамда маданий-гуманитар йўналишлардаги амалий ҳамкорликнинг янада мустаҳкамланиши йўлида муҳим аҳамиятга эга бўлди.

Айниқса, 2022 йил 4-5 февраль кунлари Пекинда бўлиб ўтган қишки Олимпия ўйинларининг очилиш маросими, 2022 йил 14-16 сентябрь кунлари Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпиннинг Ўзбекистонга давлат ташрифи ҳамда ШҲТ давлат раҳбарлари Кенгашининг мажлисидаги иштироки доирасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Хитой Раиси билан учрашувлари, 2023 йил 18-19 май кунлари Хитойга давлат ташрифи ва “Марказий Осиё-Хитой” саммитидаги иштироки, 2023 йил 17-18 октябрь кунлари давлатимиз раҳбарининг “Бир макон, бир йўл” учинчи халқаро форумидаги иштироки давомида Хитой раҳбари билан учрашувлари, ўз навбатида, давлатлараро муносабатлар янада юксалиши учун кучли замин яратди.

Шунингдек, дунёда юз бераётган глобал ва минтақалараро жараёнларда, халқаро майдонларда Хитой ва Ўзбекистон миллий манфаатлардан келиб чиққан ҳолда ўзаро бир-бирини қўллаб-қувватлаб келмоқда. Хусусан, Хитой Ўзбекистон Президентининг БМТ доирасидаги қатор ташаббусларини қўллаб-қувватлади.

Ҳукумат аъзоларининг ўзаро ҳамкорлик алоқаларида ҳозирги шароитда камбағалликни қисқартириш, қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, Ўзбекистонга замонавий юқори технологиялар ва сармояларни жалб этиш масалалари муҳокамаларнинг диққат марказидаги мавзулардир. Буларнинг муваффақиятли амалга оширилиши Хитой провинциялари ва Ўзбекистон вилоятлари ўртасидаги ҳудудлараро ҳамкорликни кучайтириш заруратидан келиб чиқилмоқда.

Бугунги кунда Хитой билан иқтисодий йўналишда ҳам қатор лойиҳалар йўлга қўйилмоқда. Иқтисодий дипломатия воситаларидан самарали фойдаланиш муҳим аҳамият касб этади. Шу ўринда 2023 йил 19-22 ноябрь кунлари Пекинда икки мамлакат ташқи ишлар вазирлари ўртасидаги биринчи Стратегик мулоқот, шунингдек, Гуанчжоу ва Шанхай шаҳарларидаги бизнес-форум ва давра суҳбати давомида 11,7 миллиард долларлик шартнома ва келишувларга эришилганини алоҳида эътироф этиш лозим.

– Хитой ва Ўзбекистон парламентлараро алоқалари ривожи йўлидаги саъй-ҳаракатлар кўлами қандай?  

– Давлатларимизнинг парламентлараро алоқалари ҳам йилдан йилга мустаҳкамланиб бормоқда. 2020 йил май ойида Олий Мажлис ва Бутунхитой халқ вакиллари кенгаши ўртасида ҳамкорлик бўйича парламентлараро гуруҳ ташкил этилган. Сенат аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатларидан таркиб топган мазкур гуруҳ Сенат Раисининг биринчи ўринбосари С.Сафоев раҳбарлигида амалга оширилмоқда.

Сенат Раиси Т.Норбоеванинг 2021 йил мартда БХВК раиси Ли Чжаншу билан онлайн учрашуви, 2022 йилда Хитой ва Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги дипломатик муносабатларнинг 30 йиллигига бағишланган “Аёллар ва барқарор ривожланиш” бўйича онлайн форумдаги иштироки, шунингдек, парламентимиз вакилларининг Бутунхитой халқ вакиллари кенгаши вакиллари билан қатор учрашув ва мулоқотлари парламентлараро ҳамкорликни янада фаоллаштирди, кенг қамровли стратегик шерикликни ривожлантиришда муҳим ўринга эга бўлди.

2022-2023 йилларда Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Хитой Халқ Республикасининг Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Цзян Янь билан бўлиб ўтган учрашувларда дипломатик миссия раҳбарига Ўзбекистонда сўнгги йилларда амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар, хусусан, конституцион ислоҳотлар ҳақида батафсил маълумотлар тақдим этилди. Келгусидаги ўзаро манфаатли ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.

Парламентнинг қонун ижодкорлиги соҳасида хорижий давлатлар билан ўзаро тажриба алмашиш муҳим йўналишлардан биридир. Бу борада 2023 йил 4-24 июлда Хитой Халқ Республикаси Савдо вазирлиги томонидан ташкил этилган “Ривожланаётган давлатлар парламентарийлари учун семинар” муҳим аҳамият касб этди. Унда иштирок этган Қонунчилик палатаси вакиллари ташриф давомида ХХР парламенти фаолияти билан танишиш, қонун ижодкорлиги ва бошқа соҳаларда ўзаро тажриба алмашиш имконига эга бўлди.

2023 йил 16-20 декабрь кунлари Бутунхитой халқ вакиллари кенгашининг доимий қўмитаси раиси ўринбосари Ч.Цинвэй бошчилигидаги парламент делегацияси Ўзбекистонга ташриф буюрди. Мазкур ташриф давомида Қонунчилик палатасининг Спикери Н.Исмоилов ҳамда ХХР парламент делегацияси ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Мулоқот давомида икки мамлакат ўртасидаги сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ва парламентлараро муносабатларнинг ҳолати ҳамда истиқболлари муҳокама этилди.

Парламентлараро алоқаларни юритишда қонунчилик органлари аъзоларининг ўзаро мулоқотлари давомида иккала давлат парламентларининг қонунчилик фаолияти бўйича алмашинувларини амалга ошириш мақсад қилинади.

– Парламентимиз нафақат қонун ижодкорлиги, балки барча соҳаларда эришилган ўзаро келишувларни амалга оширишда ҳам ҳал қилувчи ўрин тутади, шундай эмасми? 

– Ҳақиқатан ҳам айтиш жоизки, сўнгги йилларда олий даражадаги ҳамда ҳукумат раҳбарларининг расмий ташрифлари ва учрашувлари давомида эришилган келишувлар бўйича парламент тегишли ишларни амалга оширмоқда.

Икки давлат раҳбарларининг музокаралари давомида эришилган келишувларнинг рўёбга чиқарилиши ҳамда мамлакатларимиз ишбилармонлик доиралари ўртасида ўзаро шерикликни фаоллаштириш учун қулай ҳуқуқий асосларни яратиш билан иқтисодий ва ижтимоий ҳаётимизни замон талабларига мос равишда ривожлантиришда миллий парламентларимиз томонидан тегишли фаолиятнинг амалга оширилиши талаб этилади.

Парламентлараро ҳамкорлик гуруҳи ҳамда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг тегишли қўмиталари кун тартибига мазкур масалаларни киритиш икки мамлакат иқтисодиёти ва бизнес вакилларининг қўшма лойиҳалари ва ташаббусларини муваффақиятли амалга ошириш учун ҳуқуқий асосларни мустаҳкамлаш борасидаги фаолиятга қаратилган.

Парламентлар мамлакатларимиз ўртасида маданият, таълим, илм-фан ва технологияларни ривожлантириш соҳаларидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга алоҳида аҳамият қаратиб, илмий кадрлар ва мутахассисларнинг таълим соҳасидаги муваффақиятли ҳамкорлигини қўллаб-қувватлайди. Бу борада турли молиявий тузилмалар ва фондлар кўмагида тегишли дастурлар ишлаб чиқилиши тарафдори. Ўз навбатида, бу жамият ҳаётининг барча соҳаларини модернизация қилиш, техник ва технологик янгилаш ҳамда инвестицион муҳитни яхшилаш учун навбатдаги кучли туртки бўлиб, Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида белгиланган мақсадларга эришиш йўлида хизмат қилади.

Бир сўз билан айтганда, бугунги кунда Ўзбекистон ва Хитой ҳамкорлигидаги бунёдкорлик руҳи ва муваффақияти, авваламбор, мамлакатларимиз халқлари номидан фаолият юритувчи парламент аъзоларининг дўстона ва ўзаро ишончга асосланган муносабатлари билан чамбарчас боғлиқдир.

ЎзА мухбири Муҳтарама Комилова суҳбатлашди.