Бугун Эстониядаги кўпгина мактаб ўқитувчилари иш ҳақларини оширишни талаб қилиб, иш ташлашни бошлашди.

Эстония миллий телерадиокомпанияси ERR хабарига кўра, намойишчилар талаби ўрта мактаб ўқитувчилари учун энг кам ойлик иш ҳақини 1950 евро қилиб белгилашдан иборат. Бу ҳақида “Анадолу” ахборот агентлиги хабар бермоқда.

Иш ташлаш ташкилотчиларининг таъкидлашича, топшириқларнинг кўплиги ва паст иш ҳақи педагогик кадрлар етишмаслигига сабаб бўлмоқда.

Таълим ходимлари касаба уюшмаси ERRга 330 та мактабдан 9471 нафар ўқитувчи иш ташлашда қатнашганини айтди.

24 январь куни бўлиб ўтадиган катта намойишга мактабгача таълим муассасалари, касб-ҳунар мактаблари ва таълим муассасалари ходимлари ҳам қўшилиш истагини билдирган.

ЎзА