Куни кеча республикачилар партиясидан номзод кўрсатиш бўйича Трампга ягона рақиб ҳисобланган АҚШнинг БМТдаги собиқ доимий вакили ҳамда Жанубий Каролина штати собиқ губернатори Никки Хейли курашни тўхтатмаслигини ва ғалаба қозониш ниятида эканини қатъий равишда маълум қилди.

Флорида штати губернатори Рон Десантис Трамп фойдасига пойгадан чиққандан кейин, Хейли республикачилар партиясидан 2024 йилда бўлиб ўтадиган сайловда президентликка номзод кўрсатиш кампаниясида “энди бир эркак ва бир аёл қолди”, деб баёнот берди.

“Бу пойгада 14 киши иштирок этди, эркаклар кўп эди, уларнинг барчаси (Трампдан ташқари) пойгадан чиқди. Энди ҳаммаси бир саволга келиб тўхталди? Сизга нима керак. Худди шу нарсами ёки янги нарсами?” – деди у Нью-Гемпширда ўз тарафдорлари қаршисида сўзга чиқиб.

Хейли ўзига қадрдон ҳисобланган Жанубий Каролинада республикачилар партияси ичида бўлиб ўтадиган сайловгача пойгани давом эттиришини таъкидламоқда. Шундан келиб чиқиб айтиш мумкинки, бўлажак номзод яна камида бир ой курашни давом эттира олади, агар Трамп устидан ғалаба қозонса, республикачилардан номзод сифатида президент сайловида амалдаги президент Жо Байденга рақиб бўлиши мумкин.

Хейлидан республикачилардан ким номзод бўлса, уни қўллаб-қувватлайсизми, деб сўралганда “у мен бўламан”, деб жавоб қайтарган.

Маълумки, жорий йил кузда Америкада президент сайлови бўлиб ўтади. Айни пайтда мамлакатда ушбу сайловга номзод кўрсатиш ҳаракатлари авжига чиққан. Номзод икки партия – демократлар ҳамда республикачилар партиясидан кўрсатилиши керак. Лекин бунга қадар партиялар ичида ҳам президентлик учун ягона номзодни аниқлаш бўйича кураш кечади. Демократлардан номзод шундоғам маълум. Амалдаги президент Жо Байден иккинчи муддатга президент бўлиш истагини билдирган. Шу боис номзод кўрсатиш пойгаси айнан республикачилар орасида кечмоқда.

Номзод кўрсатиш пойгасида шу вақтгача 14 нафар даъвогар курашаётган эди, 12 нафари бирин-кетин пойгани тарк этишга мажбур бўлди. Энди фақат икки номзод – собиқ президент Дональд Трамп ҳамда собиқ губернатор, АҚШнинг БМТдаги собиқ доимий вакили Никки Хейли курашни давом эттиради.

Умуман, АҚШда сайловолди воқеаларга назар ташланса, сайловчиларнинг бир нарсадан кўнгли тўлмаётганини ҳам таъкидлаб ўтиш жоиз бўлади. Гап шундаки, агар Никки Хейли пойгадан чиқиб кетадиган бўлса, Дональд Трамп ва амалдаги президент Жо Байден яна юзма-юз келади. Иккаласи ҳам мамлакат тарихидаги энг кекса президентлар рўйхатида юқори ўринларни эгаллаб турибди. Америкаликларнинг сайловдан кўнгли тўлмаётганлигига сабаб ҳам айнан яна икки кекса сиёсатчининг юзма-юз келаётгани бўлмоқда. Сайловчиларнинг бундай кайфияти Никки Хейли учун зўр имконият бўлиши мумкин, агар ундан унумли фойдаланса, албатта.

“Америкаликларнинг 70 фоизи Трамп-Байден қарама-қаршилигини кўришни истамаяпти. Айовада 56 минг киши овоз берган, бу 2 фоиз ҳам эмас, битта штат учун кам. Биз мамлакатда нималар бўлишини улар белгилашига йўл қўймаймиз. Ҳали Нью-Гемпшир, Жанубий Каролинада бўладиган супер сешанба турибди. Биз олға юришда, курашишда давом этамиз ва ғалаба қиламиз. Одамлар менга паст баҳо беришига ўрганмаганман”, – деган у тарафдорлари қаршисида.

Трамп эса партиядошини ташқи сиёсатга ғалати ёндашувлари, жумладан, Россия билан зиддиятда Украинани қўллаб-қувватлашга тайёрлигини танқид қилиб, уни глобалист номзод деб атаган.

Бир сўз билан айтганда, энди супер сешанба кўп нарсага ойдинлик киритиши маълум бўлиб қолмоқда.

С.Раҳимов, ЎзА