Хитойнинг тараққиёти ва истиқболли режалари бутун дунёда катта қизиқиш уйғотмоқда.

Хитой Халқ Республикаси Ўзбекистон мустақиллигини биринчилардан бўлиб, 1991 йил 27 декабрда тан олган. Шундан буён икки давлат ўртасидаги дипломатик муносабатлар ва ҳамкорлик алоқалари самарали давом этиб келмоқда.

Бугунги кунда Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги ҳар томонлама стратегик муносабатлар жадал ва барқарор тус олмоқда. Икки давлат раҳбарларининг ўзаро ташрифлари ва учрашувлари барча даражадаги ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлади.

Сўнгги йилларда Хитой Ўзбекистон учун 6 минг 500 дан зиёд турли касблар учун мутахассислар тайёрлаб берди. Туризм соҳасидаги шериклик натижаси ўлароқ, Хитойнинг 2013 йилда бошланган Хивани археологик реставрация қилиш лойиҳаси муваффақиятли якунланиб, қадимий шаҳарга янги кўрк бағишлади. Эндиликда юртимизнинг диққатга сазовор қадимий жойларини зиёрат қилиш имконига эга бўлган хитойлик сайёҳлар сони тобора ортиб бормоқда.

Айниқса, Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги камбағалликни қисқартириш бўйича ҳамкорлик янги поғонага олиб чиқилди.

Хитойдаги Камбағалликни қисқартириш халқаро маркази томонидан ўзбекистонлик мутахассислар учун амалий семинар ташкил этилди. Унда жами 20 нафар, шундан 12 нафар ҳоким ёрдамчиси ҳамда 8 нафар вазирлик ва унинг ҳузуридаги ташкилот вакиллари иштирок этди.

Ўз навбатида, 9 минг 442 нафар ҳоким ёрдамчилари Хитойнинг камбағалликни қисқартириш бўйича тажрибасини ўрганиш мақсадида онлайн семинарда иштирок этди. Семинар жараёнида Хитой томонидан иштирокчиларга нафақат назарий, балки амалий кўникмалар ҳам ўргатилди. Жумладан, ўқув машғулотларига Хитойда камбағалликни қисқартириш бўйича янги механизмларни жорий этган фаол фуқаролар, тадбиркорлар ва маҳаллий ҳокимият вакиллари таклиф этилиб, ўз тажрибаларини ўртоқлашдилар.

Жорий йилда эса Хитойда тажриба алмашувчи мутахассислар сонини 100 нафарга етказиш режалаштирилган. Ўрганилган билим ва тажрибаларни мамлакатимизда қўллаш мақсадида 14 та туманни камбағалликдан чиқариш бўйича комплекс чора-тадбирлар ишлаб чиқилди. Мазкур ҳудудлар аҳолисининг турмуш даражасини яхшилаш, маҳаллаларни ободонлаштириш ишлари “Обод хонадон – обод кўча – обод маҳалла” мезонлари асосида жадал суръатда олиб борилди.

Хитой билан алоқаларни мустаҳкамлаш мақсадида 2023 йилнинг октябрь ойида Пекин шаҳрида бўлиб ўтган “Бир макон, бир йўл” халқаро форумида Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳамда Хитой Халқ Республикаси Ислоҳотлар ва тараққиёт бўйича давлат қўмитаси ўртасида англашув меморандуми имзоланди.

2023 йилнинг 29 декабрь куни бўлиб ўтган кичик қўмитанинг илк йиғилишида 2024 йилдаги ҳамкорликнинг устувор йўналишлари белгилаб олинди. Хитой Халқ Республикаси Қишлоқ хўжалиги ва қишлоқ ишлари вазирлиги билан ҳамкорликда амалга ошириладиган 5 йиллик чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиш, ҳоким ёрдамчилари учун Хитойнинг камбағалликни қисқартириш бўйича доимий семинарларини ташкил этиш ва уларнинг график-дастурини тасдиқлаш масалалари шулар сирасидан.

Бундан ташқари, Хитойнинг Цянсу провинцияси билан ҳамкорликда электромобилларни таъмирлаш ва уларга техник хизмат кўрсатиш бўйича ўзбекистонлик электромеханикларни ўқитиш ва малакасини ошириш борасида келишувга эришилди. Натижада касб-ҳунар марказларидаги 30 нафар ўқитувчининг рўйхати шакллантирилди. Жорий йилнинг февраль ойидан бошлаб улар режа асосида Хитой давлатига тажриба алмашишга юборилади.

2022 йилда Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпиннинг Ўзбекистонга давлат ташрифи ўзаро муносабатлар нечоғлик мустаҳкамлигининг исботидир. Унинг “Ўзбекистон – Хитой муносабатининг ёрқин келажагини биргаликда яратиш йўлида” сарлавҳали мақоласида “Хитой ва Ўзбекистон буюк тамаддунга эга қадимий давлатлардир. Буюк ипак йўли халқларимизнинг 2000 йилдан зиёд вақт давомидаги дўстона алоқаларидан дарак беради. Ўзбекистон − Марказий Осиёнинг қоқ юрагида жойлашган йирик давлат. Алоҳида таъкидлаш керак, Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида ўзбек халқи Янги Ўзбекистонни барпо этиш сари буюк йўлга тушиб олди. Турли соҳалардаги ислоҳотлар ва тараққиёт суръати жадал тус олди. Мамлакат мутлақо янги қиёфага эга бўлди, муносиб ҳаёт шароити яратилмоқда, республиканинг халқаро майдондаги мавқеи сезиларли равишда мустаҳкамланди. Самимий дўст ва ҳар томонлама стратегик ҳамкор сифатида муваффақиятларингиз бизни чин юракдан қувонтиради”, дея алоҳида таъкидланган.

Президент Шавкат Мирзиёев Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпиннинг таклифига биноан 2023 йилнинг 18-19 май кунлари ушбу мамлакатга ташриф буюрди. Ушбу ташриф ўзаро ҳамкорликнинг мутлақо янги босқичини бошлаб берди, десак, муболаға эмас. Шунингдек, Президент Шавкат Мирзиёев Хитой раиси Си Цзиньпиннинг таклифига биноан 2023 йил 17-18 октябрь кунлари Пекин шаҳрида бўлиб ўтган “Бир макон, бир йўл” учинчи халқаро форуми тадбирларида иштирок этди.  Ташриф давомида Шавкат Мирзиёев ва Хитой Халқ Республикаси раиси Си Цзиньпин қўшма баёнотни имзоладилар. 2023-2027 йилларга мўлжалланган Ўзбекистон билан Хитой Халқ Республикаси ўртасида янги даврдаги ҳар томонлама стратегик шерикликни ривожлантириш дастурини қабул қилдилар. Ташриф доирасида икки мамлакат ўртасидаги ҳар томонлама стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш ва амалий ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган қатор ҳужжатлар имзоланди.

2023 йилнинг ноябрь ойида Тошкентда Хитой Хорижий тиллардаги адабиётлар нашриёти, Фуцзянь провинциясининг Халқ нашриёти ва “Ўзбекистон” нашриёт-матбаа ижодий уйи ташкилотчилигида Хитой Халқ Республикаси раиси Си Цзиньпиннинг ўзбек тилида чоп этилган “Қашшоқликдан халос бўлиш” китоби тақдимоти бўлиб ўтди ва жамоатчиликда катта қизиқиш уйғотди. Мазкур китобда Хитой қишлоқларида аҳолининг даромадини ошириш, кийим-кечак ва етарли озиқ-овқат билан таъминлаш, шунингдек, аҳолининг таълим олиши, даволаниши ва уй-жой билан таъминлаш бўйича кўплаб амалий тажрибалар келтириб ўтилган.

Жаҳон банки мезонларига кўра, камбағаллик чегарасидан ҳам паст даражада − ўта қашшоқ аҳволда яшаган 800 миллиондан зиёд аҳолини қисқа муддатда ана шундай ночор аҳволдан олиб чиқишга эришиб, Хитой давлати инсоният тарихида илгари кузатилмаган буюк инқилобий ишни амалга оширганига ишонч ҳосил қиламиз.

Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистон стратегик алоқаларни юксак қадрлайди ва Хитойни доимий равишда ишончли ҳамкор, яхши қўшни, яқин дўст сифатида кўриб келган ва шундай бўлиб қолади.

Сардор РАҲМОНОВ,

Камбағалликни қисқартириш ва 

бандлик вазирлиги бошқарма бошлиғи.

ЎзА