“Ҳеч бир шахс ҳужжатсиз қолмайди” ҳуқуқий акцияси ўтказилмоқда

Адлия вазирлиги томонидан “Ҳеч бир шахс ҳужжатсиз қолмайди” ҳуқуқий акцияси ўтказилмоқда.
2024 йил 20 январдан 20 мартга қадар давом этадиган ҳуқуқий акция доирасида туғилиши қайд этилмагани оқибатида шахсини тасдиқловчи ҳужжатларга эга бўлмаган шахсларга ёрдам кўрсатилади.
Яқин қариндошининг ўлими қайд этилмаган шахслар, туғилганлиги ёки яқин қариндошининг ўлими ҳақидаги тиббий маълумотномага эга бўлмагани сабабли юридик фактни белгилаш юзасидан судларга мурожаат қилиши лозим бўлган шахслар ҳуқуқий ёрдам олади.
Шунингдек, тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказишда ёки қайта рўйхатдан ўтказишда муаммоларга дуч келаётган шахслар, кўчмас мулкларини давлат рўйхатидан ўтказишда қийинчиликларга дуч келаётган шахсларга кўмак кўрсатилади.
Мазкур ҳуқуқий акция доирасида, жумладан, қайд этилмаган туғилганлик ва ўлим ҳолатлари республика миқёсида хатловдан ўтказилади.
Фуқароларнинг ушбу турдаги мурожаатлари жойлардаги туман (шаҳар) адлия бўлимларида ташкил этилган махсус штаблар ёки «1148» қисқа рақамли ишонч телефони орқали тезкорлик билан қабул қилинади. Сайёр қабуллар ташкил этилади.
Натижасига кўра, мазкур шахсларнинг туғилганлиги қайд этилиб, тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилади. Яқин қариндошларининг ўлими қайд этилиб, гувоҳнома (маълумотнома)лар берилади. Туғилиш ёки ўлим ҳақидаги фактларни белгилаш юзасидан судларга аризалар киритилади ва суд ҳужжати асосида туғилиш (ўлим) қайд этиб берилади.
Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказишда ва қайта рўйхатдан ўтказишда кўмаклашилади. Кўчмас мулкларни давлат рўйхатидан ўтказишда қийинчиликларга дуч келаётган шахсларга ваколатли органлар билан биргаликда амалий ёрдам кўрсатилади.
Н.Абдураимова, ЎзА