Ахборот технологиялари ёрдамида содир этилаётган жиноятларни фош этиш имконияти кенгайди

2024 йил 19 январда “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал кодексларига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун кучга кирди.
Қонуннинг аҳамияти ва муҳим жиҳатлари нималардан иборат?
– Интернет – ахборот ва зарур маълумотларни топишда катта қулайликлар яратди, – дейди Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раиси ўринбосари Шуҳрат Чўллиев. – Шу билан бирга, айрим нохолис ишларни амалга оширишда ҳам бу тармоқдан фойдаланилаётгани ҳеч кимга сир эмас. Кейинги пайтда шахсларнинг мобил қурилмаларини ҳамда ижтимоий тармоқ ва мессенжерлардаги аккаунт ёки каналларини зарарли дастур юбориш йўли билан блоклаб (тўсиб) қўйиш, маълумотларини ўчириб юбориш, ўзгартириш ёки олиб қўйиш билан қўрқитиб, пул ёки бошқа моддий манфаатдорлик талаб қилиш ҳолатлари кузатилмоқда.
Айниқса, шахсларнинг фотосурати, овози ва бошқа биометрик маълумотларини махсус дастурлар ёрдамида сохталаштириш ҳолатлари ҳам учрамоқда.
Бунга қонунчиликда ахборот ресурсларидан фойдаланган ҳолда жиноят содир этилганлик ҳолати аниқ ифода этилмагани йўл очиб берди. Мазкур бўшлиқни бартараф этиш мақсадида Жиноят кодексининг 165-моддаси (товламачилик) диспозициясини “шарманда қиладиган уйдирмалар” тушунчаси билан тўлдириш заруратини юзага келтирди.
Шу мақсадда юқорида тилга олинган қонун қабул қилинди. Жиноят кодексининг 165-моддаси биринчи қисми “мулкка шикаст етказиш ёки уни нобуд қилиш ёхуд” деган сўзлардан кейин “жабрланувчининг ахборот ресурсини йўқ қилиш, ўзгартириш, олиб қўйиш ёки тўсиб қўйиш ёхуд уни шарманда қиладиган уйдирмалар тарқатиш билан қўрқитиб”, деган сўзлар билан тўлдирилди.
Қонундаги яна бир муҳим янги норма – крипто-активлар билан боғлиқ.
Крипто-активлар мулкий ҳуқуқ сифатида эътироф этилиб, соҳани тартибга солувчи тегишли қонунчилик ҳужжатлари мавжуд бўлишга қарамай, крипто-активларнинг ноқонуний айланмаси, хусусан, ноқонуний майнинг фаолияти учун Жиноят ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларда жавобгарлик чоралари белгиланмаган эди.
Жиноят қонунчилигида алоҳида модда бўлмагани сабабли 2021-2022 йилларда крипто-активлар ноқонуний айланмаси фаолияти билан шуғулланганлик, шу жумладан, ноқонуний майнинг билан боғлиқ 15 жиноят иши бўйича 40 нафар шахс Жиноят кодексининг бошқа моддалари билан жавобгарликка тортилган.
Шу сабабли, Жиноят ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларга “Крипто-активлар айланмаси соҳасидаги қонунчиликни бузиш” ҳамда “Майнинг фаолиятини қонунга хилоф равишда амалга ошириш”, шу жумладан, яширин майнинг фаолиятини амалга оширганлик учун тегишли жавобгарлик билан боғлиқ янги нормалар билан тўлдирилди.
Унга кўра, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда Крипто-активлар айланмаси соҳасидаги қонунчилик ҳужжатларини бузиш маъмурий ҳуқуқбузарлик сифатида белгиланиб, қонунга хилоф равишда крипто-активларни олиш, ўтказиш ёки айирбошлаш, белгиланган тартибда лицензия олмасдан крипто-активлар айланмаси соҳасидаги хизмат провайдерлари фаолиятини амалга оширганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланди.
Шунингдек, мазкур ҳаракатлар маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган тақдирда жиноий жавобгарлик белгиланди.
Шу билан бирга, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда майнинг фаолиятини белгиланган тартибни бузган ҳолда амалга ошириш ҳамда аноним крипто-активлар майнинг фаолияти билан шуғулланиб, белгиланган тартибни бузган ҳолда анча ва кўп миқдорда (БҲМнинг 300 бараваридан 500 бараваригача) майнинг фаолиятини амалга ошириш маъмурий ҳуқуқбузарлик сифатида белгиланди.
Ўз навбатида, мазкур ҳаракатлар маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, Жиноят кодексига киритилаётган қўшимчага кўра, жиноий жавобгарликка сабаб бўлади.
Мазкур қонунни ишлаб чиқишда Эстония, Грузия, Украина, Россия, Беларусь, Қозоғистон Республикасининг қонунчиликлари ўрганилган ва улардан фойдаланилган.
Қонун ахборот технологиялари ёрдамида содир этилган жиноятларни фош этиш, уларга қарши курашиш ҳамда тергов қилишда барча куч ва воситаларни тўлиқ йўналтиришга хизмат қилади.
Шунингдек, крипто-активлар айланмаси соҳасидаги қонунчилик ҳужжатларини бузиш ва қонунга хилоф равишда майнингни амалга ошириш учун жавобгарлик аниқ нормалар билан белгилангани шу турдаги жиноятларнинг олдини олишда муҳим ўрин тутади.
Норгул Абдураимова,
ЎзА