Жорий йилнинг 17 февраль куни Саудия Арабистони пойтахти Ар-Риёд шаҳрида навбатдаги профессионал бокс кечаси ташкил этилади. Оқшомнинг асосий жанги супероғир вазн тоифасида мутлақ жаҳон чемпионлиги учун кечади. Унда “WBC” чемпиони Тайсон Фьюри қолган камарлар соҳиби Александр Усикка қарши рингга кўтарилади. «Kingdom Arena»да ўтадиган ушбу бокс кечасида ҳамюртимиз Баҳодир Жалолов рингга кўтарилади. Баҳодир ушбу оқшомда черногориялик Дилан Прашовичга қарши жанг ўтказиши кутилмоқда.

Ушбу бокс оқшоми, бўлажак жангга тайёргарлик ва олдиндаги режалар ҳақида ЎзА мухбири, жаҳон ва қитъа чемпионати ғолиби, Осиё ҳамда Олимпия ўйинлари олтин медаль соҳиби Баҳодир Жалолов билан  суҳбатлашди.

– Баҳодир, 17 февраль кунги жанг ва унга тайёргарлик ҳақида тўхталиб ўтсангиз.  

– Саудия Арабистонида сўнгги кунларда кўплаб спорт турлари бўйича нуфузли спорт тадбирлари ташкил этилмоқда. Бу каби мусобақаларда иштирок этишнинг ўзи катта натижа. 17 февраль куни Тайсон Фьюри ва Александр Усик ўртасида ўтадиган жанг оқшомида мен ҳам рингга кўтарилишим ҳақида хабар берилди ва биз рози бўлдик. Ҳаттоки, рақибни ҳам ташкилотчилар топди, биз танламадик. Бунга сабаб, мен ҳар қандай рақибга қарши жанг қилишга тайёрман ва бу йил Олимпия ўйинлари ўтказилади. Ушбу мусобақагача бўлган ҳар бир жангим тўрт йилликнинг энг йирик спорт тадбирига муҳим тайёргарлик вазифасини ўтайди. Мазкур бокс оқшомида чиройли жанг ўтказиб, ғалаба қозониш учун рингга чиқаман.

– Бўлажак жангга ва Олимпия ўйинларига қандай тайёргарлик кўряпсиз ва машғулотлар қаерда ўтади?  

–Дилан Прашовичга қарши жангга Ўзбекистонда тайёргарлик кўраман. Америкага бормайман. Бунинг ўзига яраша муҳим жиҳатлари бор. Саудия Арабистони ва Ўзбекистонда вақт нисбати деярли бир хил, океан ортидаги каби узоқ эмас ҳамда юртимизда шуғулланишим учун барча шароит ва имкониятлар бор. Жисмоний тайёргарлик, техник ва тактик машғулотлар билан бир қаторда, Дилан каби жанг қиладиган рақибларни ҳам тайёргарлик жараёнларига жалб қилмоқдамиз. Олимпия ўйинларига тайёргарлик бир неча йил олдин бошланган. Лекин “Париж-2024” учун маҳсус тайёргарликни мусобақа бошланишидан 3-4 ой олдин ташкил этамиз.

– Олдинда турган режалар ҳақида тўхталиб ўтсангиз.  

–Февраль ойидаги жангдан сўнг, март ойида Тошкентда “IBA” томонидан турнир ташкил этилади. Унда Ҳасанбой Дўсматов ва мен иштирок этишимиз кутилмоқда. Бироқ, ҳозирда ушбу турнирда иштирок этишим ҳақида аниқ маълумот берилмади. Шунингдек, юқорида айтганим каби, Олимпия ўйинларига аста-секин тайёргарлик бошлаймиз.

–Баҳодир айтингчи, келажакда нуфузли марраларни забт этадиган мамлакатимиз ёшларини кузатасизми?  

–Албатта, бугунги кунда ёш авлод боксчиларимизни кузатаман. Улар биз эришган натижаларни ва унданда катта марраларни забт этишлари керак. Бугунги кунда Жавоҳир Умматалиев, Шоҳжаҳон Абдуллаев, Жаҳонгир Зокиров каби бир қатор ўринбосарларимиз порлаб чиқмоқда. Улар келгусида ўзбек боксини янада юксалтиради.

–Самимий суҳбатингиз учун раҳмат!  

Маълумот учун, Баҳодир Жалолов профессионал боксда 14 та жанг ўтказиб, уларнинг барчасини нокаут билан якунлаган. Дилан Прашович эса 17 та жанг ўтказиб, 14 маротаба ғалаба қозонган ва 3 маротаба мағлуб бўлган.

 

Жавоҳир Тошхўжаев,  

ЎзА