Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети ҳамда Ўзбекистон белбоғли кураш федерациясининг 2023 йил якунларига бағишланган қўшма тадбири бўлиб ўтди.

Жаҳон белбоғли кураш ассоциацияси бош котиби Анвар Муҳаммедов, Осиё белбоғли кураш конфедрацияси президенти Мўмин Муратов, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Қодир Жўраев, Чирчиқ шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари Журъатбек Раҳмонов, вилоят ва шаҳар депутатлари, спортчилар, мураббий ва ҳакамлар ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.

Тадбирни Ўзбекистон белбоғли кураш федерацияси раиси Равшан Дастиров ортда қолган 2023 йил белбоғли кураш спорти учун юксак натижалар ва муваффақиятларга бой йил бўлганлигини эътироф этди.

Спортчиларимиз республика ва жаҳон миқёсида ўтказилган мусобақаларда шохсупанинг юқори поғоналаридан ўрин эгаллаб, мамлакатимиз спорт захирасига медаллар шодасини тақдим этгани, юртимиз шаънини муносиб ҳимоя қилганлиги қайд этди.

Маросимда иштирок этганлар миллий спорт турларимизга, хусусан белбоғли кураш спорт турига қаратилаётган эътибор ва уни ривожлантириш масалалари ҳақида тўхталиб, жорий йилги халқаро мусобақаларда полвонларимизга муваффақият тилади.

Тадбирда белбоғли кураш федерацияси томонидан турли номинациялар бўйича ғолиблар аниқланди. Унга кўра, «Йилнинг энг яхши спортчиси» номинациясида ўғил болалар ўртасида Ойбек Султонов, қизлар ўртасида Фарангиз Абдунабиева ғолиб деб топилди

«Йилнинг энг яхши мураббийи» номинациясига андижонлик Жамолиддин Бозоров ва фарғоналик Дилшода Юнусовалар сазовор бўлди. «Йилнинг энг яхши мусобақа ташкилотчиси» га Қорақалпоғистон Республикаси ва Бухоро вилояти белбоғли кураш федерациялари муносиб кўрилди. «Йилнинг энг яхши ҳаками» сифатида Абдуҳамид Пирматов (Фарғона) эътироф этилган бўлса, «Йилнинг энг яхши федерацияси» номинацияси Фарғона вилояти белбоғли кураш федерациясига берилди. «Спорт соҳасидаги кўп йиллик хизматлари учун» номинацияси ғолиби деб Султонбой Мирзаев (Андижон) эълон қилинди.

Шунингдек, Ўзбекистон белбоғли кураш федерацияси билан яқиндан ҳамкорлик қилиб келаётганлиги учун бир қатор соҳа вакиллари ва депутатлар Осиё белбоғли кураш конфедрацияси ҳамда Ўзбекистон белбоғли кураш федерациясининг ташаккурнома ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

 

Т. Рўзиев, ЎзА