10 кундирки Қатар яшил майдонларида футбол бўйича Осиё кубоги баҳслари ўтказилмоқда. Қитъамизнинг 24 жамоаси 6 гуруҳга бўлинган ҳолда бош совринни қўлга киритиш учун ўзаро рақобатлашаётир. Кеча мусобақанинг гуруҳ босқичларида иккинчи тур ҳам якунланди ва бир қатор жамоалар 1/8 финал босқичига йўлланмани қўлга киритишга ҳам улгурди. Бугунги шарҳимизда Осиё кубогининг иккинчи тур учрашувлари, гуруҳдаги ҳолат ва бугунги учрашувлар ҳақида тўхталиб ўтамиз.

Аввало, мусобақа мезбони Қатар терма жамоаси жой олган “А” гуруҳидаги вазият ҳақида. Мазкур гуруҳда иккинчи тур якунига кўра, Қатар очколарини 6 тага етказиб олди ва биринчилардан бўлиб, навбатдаги босқичга йўл олди. Хитой термаси 2 очко жамғарган ҳолда иккинчи ўринга кўтарилди. Тожикистон ва Ливан эса биттадан очко билан 3-4-поғонадан жой олди. Айнан бугун ушбу гуруҳ 3-тур учрашувларини бошлаб беради.

Унда Қатар – Хитой, Тожикистон – Ливан терма жамоалари ўзаро тўқнаш келади. Ушбу учрашувларда Хитой, Тожикистон ва Ливан жамоалари учун ғалаба сув ва ҳаводек зарур. Сабаби, уларнинг ҳар бирида 1/8 финал босқичига чиқиш имконияти бор. Фақатгина Қатар термаси мухлислар учун чиройли ўйин кўрсатса, бўлгани. Бу жамоа учун сўнгги турдаги натижа муҳим эмас.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси жой олган “B” гуруҳидаги ҳолат бироз чигал. Иккинчи тур баҳсларидан сўнг Австралия 6 очко билан кейинги босқичга чиқди. Ўзбекистон терма жамоаси эса 4 очко билан иккинчи поғонада бормоқда. Сурия ҳисобида 1 очко бор ва бу жамоа 3-ўринда турибди. Фақатгина Ҳиндистон икки мағлубиятдан сўнг 4-поғонада қолди ва 1/8 финал йўлланмасидан деярли умидини узди. Аммо бу гуруҳда ҳатто Ҳиндистон терма жамоасида ҳам навбатдаги босқичга чиқиш имконияти бироз мавжуд.

Мазкур гуруҳда 23 январь куни Ўзбекистон – Австралия, Сурия – Ҳиндистон терма жамоалари ўзаро рақобатлашади. Мазкур учрашувларда ҳар бир терма жамоа ғалаба учун майдонга тушиши шубҳасиз. Нега Австралия ва Ўзбекистон термаларига ғалаба керак? Бунга асосий сабаб, ҳар икки жамоа 1/8 финалга биринчи ўрин соҳиби сифатида йўл олса, нисбатан қулайроқ рақибларга дуч келади. Чорак финал йўлланмасини қўлга киритиш учун имконияти янада яхшиланади. Шу боис ҳам бу жамоалар фақат ғалаба даъвосида ўйин ўтказади. Бироқ Австралияни дуранг натижа ҳам қаноатлантиради.

Сурия – Ҳиндистон баҳси ҳам шиддатли ўтиши шубҳасиз. Мусобақа регламентига кўра,  ўз гуруҳларида яхши натижа қайд этиб, учинчи ўринни эгаллаган тўртта жамоа ҳам 1/8 финал босқичига чиқиши белгилаб қўйилган. Шу боис ҳам Ҳиндистон ўзидан кучли Сурияни таслим қилиш ниятида. Сурия эса иккинчи турдаги мағлубияти ва ҳамон иккинчи поғонага чиқиш имконияти борлигини яхши ҳис қилмоқда ва иложи борича Ҳиндистон дарвозасига 3 тадан кўп гол урушга бор эътиборини қаратади.

Терма жамоамиз навбатдаги босқичга чиқиши учун шу каби чигал ҳолатга дуч келмоқда. Аммо ишонамизки, футболчиларимиз 3-тур баҳсида муҳим натижа қайд этган ҳолда ушбу вазиятни ижобий ҳал этади.

Осиё кубогининг “С” гуруҳида Эрон иккинчи турдан кейин 6 очко жамғарган ҳолда 1/8 финал босқичига йўл олди. БАА эса 4 очко билан иккинчи ўрнини мустаҳкамлаб олди. Фаластин термаси ягона очко билан учинчи, Гонгконг эса 0 очко билан тўртинчи поғонани эгаллаб турибди.

Ушбу гуруҳдаги 3-тур учрашувлари ҳам 23 январь куни ўтказилади. Унда Эрон – БАА, Фаластин – Гонгконг терма жамоалари ўзаро куч синашади. Бу гуруҳда ҳам “B” гуруҳидек бир ҳил вазият.

“D” гуруҳида Ироқ термаси очколарини 6 тага етказиб олди ва гуруҳда биринчи поғонага кўтарилган ҳолда нимчорак финалга чиқди. Япония ва Индонезия терма жамоалари 3 очко тўплаган ҳолда иккинчи ва учинчи ўринда бормоқда. Вьетнам ҳисобида эса умуман очко йўқ.

Гуруҳнинг 3-тур учрашувлари 24 январь куни ўтказилади. Унда Япония ва Индонезия иккинчи поғонани эгаллаш учун майдонга тушади. Мазкур учрашувда ғолиб бўлган жамоа 1/8 финал босқичига иккинчи ўрин сифатида чиқади. Агарда дуранг қайд этилса, ўзаро ўйинлар нисбатига кўра, “самурайлар”  кейинги даврага йўл олади. Ироқ – Вьетнам баҳсида эса дуранг ҳам ироқлик футболчиларни қаноатлантиради.

“E” гуруҳидаги вазият ҳақида тўхталиб ўтадиган бўлсак. Икки тур якунига кўра, Иордания ва Жанубий Корея терма жамоалари 4 очко жамғарган ҳолда биринчи ҳамда иккинчи ўриндан жой эгаллаган бўлса, Баҳрайн 3 очко билан учинчи ўринга чиқиб олди. Малайзия термаси эса икки мағлубиятдан кейин сўнгги поғонада қолди.

25 январь куни гуруҳ босқичининг сўнгги тури бўлиб ўтади. Унда Жанубий Корея –Малайзияни синовдан ўтказади. Бу йилги мусобақада Жанубий Корея терма жамоаси шиддатли ўйин кўрсата олмаяпти. Бироқ улар яраланган шер каби гуруҳдан биринчи бўлиб чиқиш учун Малайзияга қарши жанговар таркиб билан майдонга тушишига шубҳа йўқ. Иордания – Баҳрайн учрашуви ҳам жуда қизиқарли бўлади. Икки жамоада ҳам гуруҳдан ҳеч бир тўсиқсиз чиқиш имконияти борлиги, очколар бўйича ўртадаги ҳисоб катта эмаслиги, икки терма жамоани ҳужумкор ўйин кўрсатишига ундайди. Фақатгина, Иордания учун дуранг ҳам кифоя.

Кеча гуруҳ босқичининг иккинчи турини якунлаган “F” гуруҳидаги баҳслар бўлиб ўтди. Унда Уммон — Таиланд билан 0:0 ҳисобида дуранг ўйнади. Қирғиз Республикаси эса Саудия Арабистонига 0:2 ҳисобида мағлуб бўлди.

Шу тариқа, Саудия Арабистони 6 очко жамғарди ва гуруҳ пешқадами сифатида нимчорак финалга чиқди. Таиланд ҳозирда 4 очко билан жадвалда иккинчи бўлиб турибди. Уммонда эса бир очко бор ва бу ушбу терма жамоани учинчи поғонага кўтариб қўйди. Қирғиз Республикаси эса ҳали бирор-бир очко жамғара олмади ва гуруҳда сўнгги ўриндан жой олди.

Мазкур гуруҳнинг сўнгги ўйинлари 25 январь куни ўтказилади. Унда Саудия Арабистони – Таиланд, Қирғис Республикаси – Уммон баҳсларига гувоҳ бўламиз. Мазкур гуруҳда ҳам “B” ва “С” гуруҳидаги каби ҳар бир жамоада оз бўлса ҳам 1/8 финал босқичига чиқиш имконияти мавжуд.

Маълумот учун, Австралия, Қатар, Ироқ, Эрон, Саудия Арабистони терма жамоалари иккинчи турдан кейин Осиё кубогининг плей-офф босқичига йўл олди.

 

Жавоҳир Тошхўжаев,  

ЎзА