Келгусида Ўзбекистонда давлат идоралари ва компанияларга ахборот хавфсизлиги рискларини камайтирувчи механизмлар ишга тушади.

Киберхавфсизлик бўйича халқаро лидер бўлмиш “Касперский лабораторияси” ҳамда ахборот хавфсизлиги соҳасидаги ечимлар ва хизматларни маҳаллий етказиб берувчилари орасидаги етакчиси “UNIVERSOFT IT” ўзаро ҳамкорликда Ўзбекистонда киберхавфсизлик даражасини ошириш, хусусан, давлат идоралари ва компанияларга ахборот хавфсизлиги рискларини камайтиришда ёрдам бериш мақсадида ўз кучларини бирлаштирмоқда.

Натижада, “Касперский лабораторияси” кўмагида Ўзбекистонда биринчи маҳаллий антивирус ечимини тақдим этади. Ҳамкорлик натижасида “UNIVERSOFT IT” мижозларига ўз бренди остидаги биринчи маҳаллий ҳимоя ечимини — “UZGUARD AV” дастурий маҳсулотини таклиф этади. Ечим “Касперский лабораторияси” технологияларига асосланади. У зарур сертификатлаштиришдан ўтади ва Ўзбекистон Республикасининг миллий стандартларига тўлиқ жавоб беради.

“Биз киберхавфсизлик соҳасида тан олинган компания бўлмиш “UNIVERSOFT IT” билан ҳамкорлик қилишдан мамнунмиз. Саъй-ҳаракатларимизни бирлаштириш Ўзбекистонда талабгир ва тан олинган инновацион ва самарали ечимларни яратиш имконини беради. Ушбу ҳамкорлик Марказий Осиё минтақасида республиканинг компаниямиз учун стратегик аҳамиятини таъкидлайди”, — дея шарҳлайди “Касперский лабораторияси”нинг Марказий Осиё ва Мўғулистондаги бошқарувчи  директори Валерий Зубанов.

“Киберхавфсизлик ҳар бир соҳада муҳим аҳамиятга эга ва биз мижозларга тегишли ечимлар ва хизматларни тақдим этишга интиламиз. Биз дастурий таъминотни ишлаб чиқиш ва техник хизмат кўрсатиш, шунингдек, хавфсиз IT-инфратузилмаларни яратиш борасида катта тажриба тўплаганмиз. “Касперский лабораторияси” билан ҳамкорлик бизга ўз компетенциямизни ошириш ва портфолиомизни ахборот хавфсизлиги соҳасида халқаро стандартларга жавоб берадиган маҳсулотлар билан бойитиш имконини беради”, — дея шарҳлайди “UNIVERSOFT IT” компанияси вакили Дамир Жабборзода.

Маълумот учун: “Касперский лабораторияси” ахборот хавфсизлиги ва рақамли махфийлик соҳасида 1997 йилдан бери фаолият юритувчи халқаро компаниядир. “Касперский лабораторияси” технологиялари бутун дунё бўйлаб 400 миллиондан ортиқ фойдаланувчилар ва 220 минг корпоратив мижозларни ҳимоя қилади.

Шунингдек, компания “KasperskyOS” микроядер операцион тизимига асосланган ва сукут бўлганида хавфсизликни таъминлайдиган кибер-иммун ечимларни ҳам яратади.

“UNIVERSOFT IT” компанияси 2020 йилдан бошлаб IT ва ахборот хавфсизлиги соҳасида энг юқори халқаро стандартларга жавоб берадиган ҳамда Ўзбекистонда рақамли хизматларни ривожлантиришга қаратилган дастурий ва аппарат-дастурий таъминот тизимларини яратиш ҳамда ишлаб чиқариш соҳасига ихтисослашган.

Компания Ўзбекистон ҳудудида давлат ва корпоратив ахборот тизимлари ҳимоясини таъминлаш мақсадида ахборот хавфсизлиги соҳасидаги илғор IT-тажрибалар ва замонавий технологиялар асосида маҳсулотларни юқори технологик ишлаб чиқаришни ривожлантиради.

“UNIVERSOFT IT” компаниясининг фаолияти юқори технологиялар соҳасида импорт ўрнини босишга қаратилган. Компания Ўзбекистон Республикасининг технологик суверенитетини таъминлашга ҳисса қўшадиган Ўзбекистон учун янги маҳсулотларни яратишга эътибор қаратади.

М.Эшмирзаева, ЎзА