Нукусда Президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлигининг Қорақалпоғистон Республикаси филиали томонидан давлат фуқаролик хизматига кадрларни қабул қилиш тартиб-тамойиллари, Миллий кадрлар захирасини шакллантириш, давлат фуқаролик хизматчиларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, кадрлар фаолияти самарадорлигини баҳолаш каби масалалар юзасидан оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда блогерлар учун матбуот анжумани ташкил этилди.
Матбуот анжуманида агентликнинг Қорақалпоғистон Республикаси филиали раҳбари ўринбосари А.Реимбаев 2023 йилда соҳада амалга оширилган ишлар ва келгусидаги режаларга тўхталди.
Таъкидланганидек, 2023 йил давомида Агентликнинг Қорақалпоғистон Республикаси филиали томонидан бир қатор ишлар амалга оширилди. Жумладан, бугунги кунда ҳудуддаги давлат фуқаролик хизмати органлари ва ташкилотлари тизимида 5 минг 5 нафар ходим фаолият юритмоқда.
Ўтган давр мобайнида 37 та вазирлик ва идора, 17 та шаҳар ва туман ҳокимликлари томонидан Давлат хизматини ривожлантириш агентлигининг “Vacancy.argos.uz” порталида эълон қилинган 1 минг 328 та вакант лавозим учун 29 минг нафарга яқин номзоддан ҳужжат келиб тушди. Ўтказилган танлов асосида давлат фуқаролик хизматига қабул қилинган 549 нафар ходимнинг 137 нафари иқтисодий, 225 нафари ижтимоий, 113 нафари қишлоқ хўжалиги, 26 нафари қурилиш соҳаси ташкилотларига, 48 нафари шаҳар ва туман ҳокимликларига ишга қабул қилинди.
Ҳисобот даврида жами 1 минг 659 нафар давлат фуқаролик хизматчисининг билим ва кўникмаси оширилди. Шу давр мобайнида 14 та ижтимоий аноним сўровнома ўтказилиб, уларда 3 минг 160 нафар давлат фуқаролик хизматчиси, олий таълим муассасаларининг 1 минг 388 нафар битирувчиси, 5 минг 632 нафар аҳоли вакиллари ҳамда 685 нафар маҳалла ходимлари иштирок этди.
Филиал томонидан вазирлик ва ташкилотларда ходимларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя этилиши юзасидан 44 та ўрганиш ва мониторинг ўтказилди. Мазкур ўрганишлар натижасида аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан 15 та тақдимнома, 11 та огоҳлантириш хати киритилиб, 15 нафар масъул мансабдор шахснинг интизомий жавобгарликка тортилиши таъминланди.
Филиал томонидан энг нуфузли 500 талик рўйхатга киритилган хорижий олий таълим муассасаларини (бакалавриат, магистратура) тамомлаган 11 нафар ёш мутахассисга тегишли устамаларининг ўз вақтида тўлаб берилишига амалий ёрдам кўрсатилди. Шунингдек, “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонун талабларини таъминлаш мақсадида давлат органларидаги 5 минг 611 нафар давлат фуқаролик хизматчисидан 5 минг 568 нафари тиббий кўрикдан ўтказилди.
Шу давр мобайнида филиалга жисмоний ва юридик шахслар томонидан 10 та мурожаат келиб тушиб, барчаси ижобий ҳал этилди. Шунингдек, телеграмдаги vacancy_argos_bot каналига ҳамда филиалнинг ишонч телефонига келиб тушган 4 мингтага яқин мурожаатга ўз вақтида жавоб берилиши таъминланди.
Тадбир якунида оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда блогерлар ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб олди ва таклифларини билдирди.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат),
ЎзА мухбирлари