Док-1 Макс фожеаси: “Ўғлим 4 ой комадан кейин кўриш ва эшитишида муаммо бор, боримни сотиб даволатяпман…” (+видео)
300

19 январь куни «Док-1 Макс» фожеасининг навбатдаги суд мажлиси бўлиб ўтди. Суд аввалида Quramax Medical МЧЖ бош директори судланувчи Сингх Рагвендра Пратарнинг адвокати қамоқ эҳтиёт чорасини бошқа усулга ўзгартиришни сўраб илтимоснома киритди. Адвокатга кўра, ҳиндистонлик судланувчи узоқ йиллардан буён турлли касалликлар билан оғриб келади ва ҳибсхонада берилаётган таомларни истеъмол қилолмаслик оқибатида сезиларли даражада вазн йўқотган. Суд ушбу чорани «барвақт» деб топиб, илтимосномани қаноатлантирмади.
Ундан сўнг жабрланувчиларнинг қонуний вакиллари ўз кўрсатмаларини бериб ўтди. Жумладан, ногирон бўлиб қолган 4 ёшли Раҳмонов Муҳторжоннинг отаси Раҳмонов Ғофуржон фарзанди 4 ой комада ётиб, ҳозир кўриш ва эшитишида муаммолар борлигини айтади.
Жабрланувчи боласини даволатиш учун 100 минг доллар сўраб, айбдорларга узоқ муддатли қамоқ жазоси берилишини сўради. Шу кунга қадар жабрланувчи ота боласининг соғлиги учун 300 миллион сўм сарфлаган. «Кеча яна 20 минг доллар бериб юбордим Ҳиндистонга кетиш учун. 350 миллион сўм кредит олдим яна, бошқа иложим қолмади», деб қўшимча қилган Раҳмонов Ғофуржон.
Кейинги суд мажлиси 24 январь куни давом этади.
Сардорбек Поёнов, Улуғбек Тўхтаев (видео), ЎзА