Хайрулло Ғаффоров: вазир эшитувини номига ўтказиш ниятимиз йўқ! (+видео)

268

Мамлакатимизда атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш, табиатни асраб-авайлаш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, экологик ҳолатни яхшилаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Аммо шунга қарамай, охирги пайтларда мамлакатимизда, шу жумладан, пойтахт Тошкент шаҳрида атмосфера ҳавоси ёмонлашиб, кенг жамоатчиликнинг қизғин муҳокамаларига сабаб бўлмоқда. Атмосфера ҳавосининг ифлосланиши яқин йилларда пайдо бўлган муаммо эмас, балки унинг келиб чиқишининг бир қанча сабаблари бор, албатта.

Маълумотларга кўра, дарахтлар ва буталар кесилишига эълон қилинган мораторий даврида ҳам 49 мингга яқин дарахтлар ноқонуний кесилган. Бундан ташқари, шаҳарсозлик бош режалари тасдиқланмасдан, қурилиш ишлари бетартиб амалга оширилмоқда. Тошкент шаҳрида бир неча марта қурилиш ишларини амалга оширмаслик бўйича мораторий эълон қилинганига қарамай, қурилишлар давом этмоқда.

Кўплаб эътироз ва муҳокамаларга сабаб бўлаётган экологик муаммоларга Олий Мажлис Қонунчилик палатаси мажлисида ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Қуйи палата мажлисидан аввал Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси ҳамда Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси ташаббуси асосида экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимовнинг “Тошкент шаҳри атмосфера ҳавоси ифлосланишининг олдини олиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳолати тўғрисида”ги ахборотини Олий Мажлис Қонунчилик палатаси мажлисида эшитиш масаласи кўриб чиқилган эди.

Қонунчилик палатасининг 17 январь куни бўлиб ўтган мажлисида депутат Ўктам Исломов Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирининг ахборотини эшитиш масаласини кун тартибига киритиш таклифини билдирди. Мазкур таклиф сиёсий партияларнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциялари раҳбарлари томонидан ҳам бир овоздан маъқулланди.

Муҳокамаларда депутатлар вазирнинг эшитуви шунчаки номига бўлмаслиги, натижадорликка қаратилган аниқ ечим ва қарорлар қабул қилиш лозимлигини алоҳида таъкидлади.

—  Эшитувни номига ўтказиш ниятимиз йўқ, — деди бунга жавобан Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси раҳбари Хайрулло Ғаффоров. — Фракция ва қўмитамиз томонидан ишчи гуруҳи тузилган. Эшитувга қадар тегишли жойларда ўрганиш ишлари амалга оширилади. Биз парламент вакиллари атмосфера ҳавосини муҳофаза қилишда қандай ёрдам бера оламиз? Шу масалаларда қайсидир қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш лозим бўлса, эшитувдан кейин Қонунчилик палатасига киритиш асосий мақсадимиздир.

Қизғин муҳокамалардан сўнг қуйи палатанинг келгуси мажлисида Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирининг ахбороти эшитиладиган бўлди.

Дарҳақиқат, бугун экология билан боғлиқ муаммолар ўта жиддий тус олмоқда. Шунинг учун ҳам бу борада аниқ ташаббусларни амалга ошириш, муаммолар ечимига қаратилган ишларни йўлга қўйиш, экологик барқарорликка эришиш чораларини кўриш зарур.

Муҳтарама Комилова, Нишон Абдувоитов(видео), ЎзА