Адлия вазири тадбиркорлар билан очиқ мулоқот қилди

Ўзбекистон Республикаси Президенти раислигида экспорт, инвестиция ва маҳаллий саноатда 2024 йилда турган вазифалар бўйича ўтказилган йиғилишда адлия вазирига берган топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида очиқ мулоқот ташкил этилди.
Адлия вазирлигида ўтган мулоқот давомида стандартлаштириш ҳамда техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида юзага келаётган муаммоларни аниқлаш ва уларни ҳуқуқий жиҳатдан бартараф қилиш масалалари муҳокама қилинди.

Очиқ мулоқотда 60 нафардан ортиқ тадбиркор ҳамда ушбу соҳага масъул бўлган ташкилот вакилларининг ўз фаолияти давомида дуч келаётган турли хил муаммолари ва бюрократик тўсиқлар юзасидан фикр ва таклифлари тингланди.
Жумладан, тадбиркорлар товарларни экспорт ва импорт қилишда ҳамда ишлаб чиқарилган маҳсулотларни стандартлаштиришда, сифат менежменти тизими бўйича халқаро стандартларни қўллаш, хорижий сертификатларни тан олиш, халқаро стандартларни жорий қилиш маслалари юзасидан 50 га яқин таклиф билдирди.

Тадбир якунида адлия вазири А.Тошқулов билдирилган фикр ва таклифлар ўрганиб чиқилиб, улардан соҳани такомиллаштириш бўйича ишлаб чиқилаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасида инобатга олинишини қайд этди.
Н.Абдураимова, ЎзА