Сенат Ҳукуматга парламент сўрови юборди

Унда яйловлар деградациясининг озиқ-овқат хавфсизлигига, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқаришга ҳамда атроф-муҳитга салбий таъсири юзасидан сўров акс этган.
Яйловлар ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан муҳим аҳамиятга эга бўлиб, минтақамизда экологик мувозанатни сақлаш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, чорвачиликни ривожлантириш ҳамда аҳолининг турмуш даражасини яхшилашда асосий табиий манбалардан бири ҳисобланиши таъкидланди.
Шу сабабли яйловларнинг табиий шароити, контурлари, тупроғи, улардаги ўсимликлар хилма-хиллиги, миқдори ва сув билан таъминланиш даражасини яхшилаш талаб этилмоқда.
Бугунги кунда 4,2 миллион гектар яйловда геоботаник тадқиқотлар ўтказилиб, деградацияга учраган майдонларнинг хариталари тайёрланган ҳамда 420 минг гектар деградацияга учраган яйловларни қайта тиклаш ва яхшилаш бўйича амалий ишлар олиб борилмоқда.
Сув билан таъминланмаган 144 минг гектар яйловда чорва молларини боқиш имконияти яратилган. 2022–2023 йилларда шахтали ва тик қудуқлар қазиш, насос станцияларини янгидан қуриш ҳамда реконструкция қилишга 40 миллиард сўм миқдорида субсидия маблағлари ажратилган.
Сенаторлар олиб борилаётган ишлар билан бир қаторда яйлов ерларидан самарали фойдаланиш, уларни назорат қилиш ва деградацияга қарши курашиш бўйича айрим ҳал қилиниши лозим бўлган масалалар долзарблигича қолаётганини таъкидлади.
Жумладан, республиканинг 21 миллион гектар майдонини эгаллаган яйловларнинг 50 фоизидан ортиғи турли даражада инқирозга учрагани, 11 миллион гектар яйловнинг табиий равишда ем-хашак ҳосил қилиш салоҳияти пасайиб, яроқсиз ҳолатга келиб қолгани таъкидланди.
Яйловларда чорва молларини алмашлаб боқиш тизими етарли даражада жорий этилмагани ва чорва моллари сонининг кескин ортгани боис яйлов ерлари катта босим остида қолган. Бунинг оқибатида озуқабоп ем-хашак ўсимлик турлари сийраклашиб, йўқолиб кетиш даражасига етгани қайд этилди.
Яйловлардаги ўсимликлар қопламининг ҳозирги ҳолати ва деградация жараёнларини, яйловларнинг хўжалик имкониятларини ўрганиш ва шу асосда яйловлардан оқилона фойдаланиш тизимини ишлаб чиқиш бўйича илмий тадқиқотлар олиб борилмаяпти.
Соҳада мутахассислар тайёрлаш тизими йўлга қўйилмагани боис кадрлар етишмовчилиги юзага келган. Чўл ва ярим чўл ҳудудларида ихота дарахтзорларини барпо этиш, инқирозга учраган яйлов майдонларини қайта тиклаш ишлари амалга оширилмагани туфайли шамол таъсирида тупроқ эрозияси кучайиб, чанг-тўзонларнинг ҳосил бўлиш жадаллиги ортиб бормоқда.
Муҳокама якунида ушбу масалаларга ойдинлик киритиш мақсадида Ҳукуматга парламент сўровини юбориш тўғрисида Сенатнинг қарори қабул қилинди.
Н.Абдураимова, ЎзА