Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтида Халқаро коррупцияга қарши курашиш куни муносабати билан ўтказилган “Биз коррупцияга қаршимиз” танлови ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Қонунийлик, суд-ҳуқуқ ва коррупцияга қарши курашиш масалалари қўмитаси раиси З.Реймова, институт ректори вазифасини вақтинча бажарувчи Қ.Қодиров, мазкур институтнинг Коррупцияга қарши курашиш “Комплаенс-назорат” тизимини бошқариш бўлими бошлиғи П.Хожабеков сўзга чиқиб, ушбу иллатга қарши курашиш, олий таълим тизимини коррупциядан холи соҳага айлантириш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишларга тўхталди.

Бугунги кунда коррупция тараққиёт кушандаси, хавфсизликка таҳдид туғдирувчи хавфли трансмиллий жиноят ҳисобланади. Шунинг учун ҳам бу иллат мамлакатимизнинг барча, жумладан сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотларга, юртимизнинг халқаро майдондаги имижига ҳамда инвестицион жозибадорлигига салбий таъсир кўрсатади.

Президентимиз 2020 йил 24 январь куни Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида “Жамиятимизда коррупция иллати ўзининг турли кўринишлари билан тараққиётимизга ғов бўлмоқда. Бу ёвуз балонинг олдини олмасак, ҳақиқий ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини яратиб бўлмайди, умуман, жамиятнинг бирорта тармоғи ривожланмайди” деб таъкидлаб ўтган эди.

Мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш борасида кенг кўламли ишларнинг йўлга қўйилиши, айниқса, ушбу масалага оид қонунчилик такомиллаштирилиши ҳамда ҳар бир соҳада “Комплаенс-назорат” тизимининг жорий этилиши ижобий самара бермоқда. Албатта, ушбу иллатга қарши курашишнинг самарадорлигини янада ошириш учун аҳоли, шу жумладан, ёшлар ўртасида тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бориб, жамоатчилик назоратини кучайтириш талаб этилади.

Институтда ўтказилган танловлар ёшларда коррупция ҳақида тушунчалар ҳосил этиб, унинг салбий оқибатлари, келажак учун зарарли томонлари тўғрисида хулоса чиқариб, ён-атрофда бўлаётган воқеа-ҳодисаларга бефарқ бўлмасликка асос бўлиб хизмат қилади. Коррупция иллати ва унинг салбий таъсири тўғрисидаги видеороликлар, расмлар, ҳикоялар ва шеърлар бўйича танловга талабалардан 2 мингдан зиёд ижодий иш келиб тушди.

Танлов ғолибларига институт ректорати ҳамда касаба уюшма қўмитаси томонидан эсдалик совғалари топширилди. Шунингдек, коррупцияга қарши курашишда фаоллик кўрсатиб келаётган факультет деканатлари вакиллари, профессор-ўқитувчилар, тьюдорлар ҳамда бўлимларнинг мутахассислари ҳам муносиб тақдирланди.

Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА мухбирлари