Экология вазири Парламентда ҳисоб беради (+видео)

IQAir Ҳаво сифати индексига кўра, Ўзбекистон пойтахти ҳаво ифлосланиши бўйича дунё шаҳарлари рейтингида биринчи ўнталикка чиқди. Ушбу рейтинг маълумотларига кўра, Тошкент ҳавосидаги концентрация PM2.5 (майда дисперс чанг заррачалари) Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсия қилган нормадан 8-10 бараварга кўпроқдир. Бундай ҳаво заиф гуруҳлар учун зарарли ҳисобланади. Шу боис, мутахассислар томонидан кўчаларда ниқоб тақиб юриш ва ойналарни ёпиш тавсия этилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида ҳам пойтахтдаги ҳавонинг ифлосланиши энг асосий муҳокама мавзусига айланди.
Бугунги видеолавҳада депутатлар ва фракция раҳбарларининг республика шу жумладан Тошкент шаҳри ҳавоси ифлосланиши юзасидан аниқ масалани кўндаланг қўйишаётганини кузатишингиз мумкин. Ўтказилган ялпи мажлис аввалида депутат Ўктам Исломов атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида экология, атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирининг ахборотини эшитиш таклифини билдирди.
Депутат таклифи барча фракция вакиллари томонидан бир овозда қўллаб-қувватланди. Айниқса «Адолат»социал-демократик партияси фракцияси раҳбари Зухра Иброхимованинг фикри кўпчиликнинг эътиборини тортди.
Инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати ва ахборот технологиялари масалалари қўмитаси раиси Илхом Абдуллаевнинг таъкидлашича, Қонунчилик палатаси ҳисоботни тинглашдан ташқари, президентга ҳукумат аъзоларини истеъфога чиқаришнинг мақсадга мувофиқлиги, шахсларни жавобгарликка тортиш ва ҳукумат аъзоларини истеъфога чиқариш бўйича ҳам таклиф беришга ҳақли эканлиги алоҳида эслатиб ўтди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари Хайрулло Ғаффоровнинг қайд қилишича, тингловни «кўргазма учун» ўтказиш режалаштирилмаган. Фракциянинг кенгайтирилган йиғилишида олимларнинг фикр-мулоҳазалари тингланиб, муаммони жойида ўрганадиган ишчи гуруҳ ҳам тузилган.
Йиғилиш якунида келгуси ялпи мажлисда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимовни Ўзбекистонда, жумладан, Тошкент шаҳрида атмосфера ҳавоси ифлосланишининг олдини олиш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳақида ҳисоб бериши учун чақиртириш тўғрисидаги қарор қабул қилинди.
Кузатувларга кўра, Тошкент ҳавосининг ифлослигига энг катта сабаб автомобиллардан ўта кенг фойдаланиш бўлиб қолмоқда. Пойтахт кўчаларидаги машиналарнинг кўпчилиги эскирган. Уларнинг баъзилари Совет Иттифоқи давридан қолган, замонавий машиналарга қараганда кўпроқ заҳарли тутун чиқарувчи эски моторларга эга, дейилади ташкилот ҳисоботида.
Ҳавонинг ифлосланишига яна бир катта сабаб дея Тошкентдаги корхоналар, қувват станциялари ва бошқа саноат иншоотларидан чиқадиган чиқиндилар қайд этилди. Бундан ташқари, Тошкентда кўмир ва бошқа қазилма материаллар ёқилиши туманга сабаб бўлмоқда.
Кузатувчилар охирги йилларда Тошкентда кўлами кескин ошган қурувчилик ҳосил қилувчи чанг, яшил ҳудудларнинг камайиши, ҳамда иқлим исиши туфайли пайдо бўлган чанг бўронлари ҳам ҳаво даражасини ёмонлаштирганини алоҳида таъкидлашмоқда.
Ифлосланган ҳаво келтириб чиқарадиган касалликларнинг баъзилари қисқа муддатли ёки ўткир муаммоларни ўз ичига олади.
Шунингдек, пневмония, бронхит, амфизем ва астма хуружлари каби нафас олиш касалликлари, шунингдек ўпка тўқималарининг чандиқлари ва кейинчалик унинг тўлиқ фаолиятининг пасайиши хавфи туғилади.
Кўриб турганингиздек, ушбу муаммо ҳар биримизга тегишли, чунки унинг оқибатлари оиламизга, фарзандларимизга таъсир қилади. Бизни кузатишда давом этинг. Ўзингиз ва яқинларингизни эътиборсиз қолдирманг.
М.Турдалиева, А.Аҳмедов (видео), ЎзА