Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг қирқ тўққизинчи ялпи мажлиси тўғрисида АХБОРОТ

19 январь куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг қирқ тўққизинчи ялпи мажлиси ўз ишини бошлади.
Унда Сенат, ҳукумат аъзолари, вазирлик ва идораларнинг вакиллари, Сенат ҳузуридаги Ёшлар парламенти аъзолари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашди.
Видеоконференцалоқа тарзида ўтказилган ялпи мажлисни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева олиб борди.
Ялпи мажлис Сенатнинг YouTube тармоғидаги саҳифаси орқали тўғридан-тўғри ёритиб борилди.
Сенатнинг қирқ тўққизинчи ялпи мажлисида дастлаб Олий Мажлис Сенатининг 2023 йилдаги фаолияти якунларига бағишланган масала атрофлича кўриб чиқилди.
Таъкидланганидек, ўтган йил давомида Сенат Конституция ва қонунларда белгиланган ваколатлари, шунингдек, 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида акс этган устувор йўналишлардан келиб чиқиб фаолият юритди.
Жумладан, қонунчилик фаолиятини такомиллаштириш, парламент назоратини кучайтириш, халқаро ва парламентлараро муносабатларни кенгайтириш, маҳаллий Кенгашлар фаолиятига кўмаклашиш, халқ билан мулоқот самарадорлигига эришишда парламент таъсирини ошириш бўйича қатор чора-тадбирлар амалга оширилди.
Қайд этиш жоиз, жорий йилда миллий тараққиётимизнинг устувор йўналишларини қамраб олган ҳамда инсон қадри деган улуғвор тамойилни ўзида жамлаган янгиланган Конституция қабул қилинди.
Президентимиз ташаббуси билан қабул қилинган “Ўзбекистон –2030” стратегияси эса бошланган ислоҳотларимизни сифат ва мазмун жиҳатдан янги босқичга олиб чиқиши билан аҳамиятлидир.
Бундай фаол янгиланишлар шароитида парламент, хусусан, Сенатнинг ҳам ўрни ва роли тобора ошиб бормоқда. Айниқса, сенаторлар жорий йилда ҳудудларда сермаҳсул фаолият юритиб, долзарб ижтимоий-иқтисодий масалалар ечимига ўз ҳиссаларини қўшди.
Қонунчилик йўналишида жами 91 та қонун кўриб чиқилди. Қонунларни тизимли таҳлил қилиш ва уларни такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш амалиёти давом эттирилиб, бир қатор қонунлар ижроси, ҳуқуқни қўллаш амалиёти ва қонуности ҳужжатларининг қабул қилинишини мониторинг қилиш якунлари бўйича Ҳукумат олдига тегишли вазифалар қўйилди.
Парламент назорати доирасида Сенат ялпи мажлисларида 8 маротаба ҳукумат аъзолари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, ҳудудлар раҳбарларининг ахборотлари эшитилди.
Сенаторлар ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётган масалаларни ўрганишга алоҳида эътибор берган ҳолда, сенаторлар томонидан Сенат ялпи мажлислари муҳокамасига 17 та муаммоли масалалар олиб чиқилди ва улардан 9 таси ижобий ҳал этилди. Қолган 8 таси бўйича ҳозирги вақтда муаммоларни ижобий ҳал этиш чоралари кўрилмоқда.
Шунингдек, бюджетни ижтимоий йўналтириш, жумладан, маблағларни ҳудудларда аҳолини ташвишга солаётган долзарб масалаларни ҳал қилишга йўналтиришда Сенат фаол иштирок этмоқда.
Йил давомида Сенатнинг ҳудудларда олиб борган ўрганишлари ва унинг якунлари асосида ҳукуматга киритган таклифлари асосида жойлардаги муаммоли масалаларни (мактаб, боғча, касалхона, сувдан фойдаланиш, йўл қуриш ва ҳ.к.) ҳал қилишга умумий ҳисобда 1 триллион сўмдан зиёд бюджет маблағлари йўналтирилиши таъминланди.
Сенат қўмиталари томонидан назорат-таҳлил фаолияти доирасида ҳудудларда 80 га яқин ўрганиш ўтказилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.
Халқаро парламент муносабатлари доирасида хорижий давлатлар, халқаро ташкилотлар, халқаро молия тузилмалари ва бизнес вакиллари билан ўтказилган 200 дан зиёд учрашувларда ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.
Икки томонлама парламент алоқаларини ва ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида парламентлараро гуруҳларнинг 10 та йиғилиши бўлиб ўтди. Сенат ташаббуси билан 4 та халқаро тадбир ўтказилди.
Маҳаллий Кенгашлар фаолиятига услубий-амалий ёрдам кўрсатиш учун маҳаллий Кенгашлар депутатлари учун мунтазам равишда ўқув курслари, семинарлар ташкил этилди.
Маҳаллий Кенгашлар фаолиятини услубий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш мақсадида халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари томонидан маҳаллий бюджет ижроси устидан депутатлик назоратини ташкил этиш бўйича ҳамда парламент дипломатияси бўйича амалий қўлланмалар ишлаб чиқилди.
Бундан ташқари, Сенат Раиси бошчилигида коррупция, одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш, хотин-қизлар масалалари, гендер тенгликни таъминлаш, халқаро рейтинглар билан ишлаш каби қатор долзарб йўналишларда миллий тузилмалар фаолияти изчил давом эттирилди.
Қайд этилган йўналишларда олиб борилган ислоҳотлар натижасида мамлакатимиз учун устувор этиб белгиланган нуфузли халқаро рейтингларда Ўзбекистоннинг ўрни кўтарилди.
Мажлис давомида Сенат фаолияти якунлари кўриб чиқилгач, 2024 йилга мўлжалланган парламент юқори палатасининг устувор вазифалари ҳам белгилаб олинди.
Шундан сўнг, Сенатнинг қирқ тўққизинчи ялпи мажлисида “Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун сенаторлар томонидан муҳокама этилди.
Таъкидланганидек, 2023 йилнинг апрель ойида умумхалқ референдуми орқали Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги Конституцияси қабул қилинди. Янги Ўзбекистонни барпо этишнинг конституциявий асослари мустаҳкамланди.
Шу билан бирга, қатор қонунлар, Президент фармон ва қарорлари ҳамда Ҳукумат қарорлари қабул қилиниб, жамиятимизнинг барча соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотларни ҳуқуқий жиҳатдан таъминлаш чоралари кўрилмоқда.
Конституциямизда муҳрланган устувор мақсад ва вазифаларни амалга ошириш юзасидан Олий Мажлис палаталари томонидан ўз фаолиятларини тартибга солувчи Ўзбекистон Республикаси қонунлари янги таҳрирдаги Конституцияга мувофиқлаштирилмоқда.
Хусусан, парламент палаталарининг фаолиятидаги параллелликни ва бир-бирини такрорловчи ваколатлари аниқлаштирилмоқда, Сенат аъзолари жами 100 нафардан 65 нафарга қисқартирилмоқда. Бунда, ҳар бир маъмурий-ҳудудий бирликдан 4 нафардан сенатор сайланиши, 9 нафари Президент томонидан тайинланиши белгиланмоқда.
Шунингдек, Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосарлари сони 7 тадан 2 тага қисқартирилмоқда. Бунда Спикернинг ўринбосарлари фракция аъзоси бўлиши мумкин эмаслиги ҳамда лавозимда бўлиш даврида сиёсий партиядаги аъзоликни тўхтатиб туриши белгиланмоқда. Бундан ташқари, Қонунчилик палатаси ва Сенатнинг ўзини ўзи тарқатиб юбориш ваколати киритилмоқда. Бундай ҳолатда Қонунчилик палатасига янги сайлов 2 ой мобайнида ўтказилиши, Сенатнинг янги таркиби эса, 1 ой мобайнида шакллантирилиши назарда тутилмоқда.
Яна бир муҳим жиҳат, 100 минг нафардан кам бўлмаган фуқаролар, Сенат, Омбудсман ва Марказий сайлов комиссияси қонунчилик таклифларини Қонунчилик палатасига киритиши мумкинлиги ҳамда парламент текширувини ўтказиш Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенат аъзолари орасидан тенглик асосида тузиладиган биргаликдаги махсус комиссияси томонидан ўтказилиши белгиланмоқда.
Қонуннинг юқорида қайд этилган Сенат аъзолари сони ва қўмиталар номларини ҳамда Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосарлари сони ва мақомини белгиловчи қоидалари 2024 йилда навбатдаги чақириқдаги Олий Мажлис палаталари иши бошланганидан амалга киритилиши белгиланмоқда.
Сенаторлар таъкидлаганидек, мазкур қонуннинг қабул қилиниши умумхалқ референдумида қабул қилинган янги таҳрирдаги Конституциянинг нормаларини амалга оширишга, шунингдек, қонунлар қоидаларини Конституцияга мувофиқлаштиришга хизмат қилади.
Муҳокама якунида қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Шунингдек, ялпи мажлисда сенаторлар “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига жиноятчиликка қарши курашиш бўйича фаолиятнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштиришга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонунни кўриб чиқдилар.
Таъкидланганидек, республикамизда фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, шахс, жамоат ва давлат хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ҳамда жиноятчиликка қарши курашиш бўйича яхлит ҳуқуқий тизим яратилди.
Мамлакатимизда қонун устуворлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар олдига янги вазифаларни қўймоқда ҳамда ушбу органларнинг ўз зиммасига юклатилган вазифаларни бажариш бўйича тезкор ва самарали қарорлар қабул қилиши учун мустаҳкам ҳуқуқий асос яратишга қаратилган.
Мазкур қонун билан “Тезкор-қидирув фаолияти тўғрисида”ги қонунга маълумотларни тўплаш, тезкор киритиш, ниқобланган операция каби тезкор-қидирув тадбирларини амалга ошириш тартибини аниқлаштиришни, шунингдек, ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятчиликка қарши курашишнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлашни, тезкор-қидирув тадбирлари ахборот-коммуникация технологияларини қўллаган ҳолда, шу жумладан, кибермаконда ва (ёки) унинг имкониятларидан фойдаланган ҳолда ўтказилиши мумкин эканлигини белгилашни назарда тутувчи қўшимча ва ўзгартиришлар киритилмоқда.
Шу билан бирга, “Ички ишлар органлари тўғрисида”ги қонунга жиноятларнинг ҳолатларини аниқлаш, жиноятларни содир этган шахсларни аниқлаш ва қидириш, шунингдек, жазони ўташдан бўйин товлаётган ёки бедарак йўқолган шахсларни қидириш мақсадида оммавий ахборот воситаларининг имкониятларидан бепул фойдаланишга доир ички ишлар органларининг ҳуқуқларини аниқлаштиришни назарда тутувчи ўзгартириш киритилмоқда.
Бундан ташқари, “Маъмурий қамоқни ўташ тартиби тўғрисида”ги қонунга маъмурий қамоққа олинган шахсларни қабул қилиш ва сақлаш учун мўлжалланган махсус муассасада тезкор-қидирув фаолиятини амалга ошириш мумкин эканлигини белгиловчи қўшимча киритилмоқда.
Сенаторлар таъкидлаганидек, ушбу қонун жамоат тартибини сақлашни ва фуқаролар хавфсизлигини янада ишончли таъминлашга, шунингдек, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш бўйича тадбирлар самарадорлигини оширишга хизмат қилади.
Шу билан бирга, ялпи мажлисда “Айрим тоифадаги жиноий қилмишлар учун жавобгарлик либераллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун муҳокама қилинди.
Сенаторлар қайд этганидек, мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимини янада демократлаштириш ва эркинлаштириш, суд, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органлари фаолияти самарадорлигини ошириш ҳамда жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш ва қонунийликни мустаҳкамлаш борасида қатор ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Инсонпарварлик, адолатпарварлик ғояларига асосланган қонунлар қабул қилинмоқда.
Муҳокама қилинган қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга учувчисиз учадиган аппаратларни, уларнинг бутловчи ва эҳтиёт қисмларини қонунга хилоф равишда олиб кириш, ўтказиш, олиш, сақлаш ёки улардан фойдаланиш билан боғлиқ маъмурий жавобгарликни назарда тутувчи янги норма киритилмоқда.
Хусусан, маъмурий ҳуқуқбузарлик натижасида аниқланган учувчисиз учадиган аппаратлар давлат ҳисобига мусодара қилиниши, қонунга хилоф равишда ҳаракатларни содир этган шахс, агар у учувчисиз учадиган аппаратларни, уларнинг бутловчи ва эҳтиёт қисмларини ўз ихтиёри билан топширса, жавобгарликдан озод қилиниши ҳамда ушбу тоифадаги маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишлар жиноят ишлари бўйича судлар томонидан кўриб чиқилиши белгиланмоқда.
Шунингдек, Жиноят кодексининг 2444-моддасида белгиланган санкцияларга муқобил жарима, ахлоқ тузатиш ишлари, озодликни чеклаш каби жазо турлари киритилмоқда, яъни шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, жиноий жавобгарлик назарда тутилмоқда.
Сенаторларнинг фикрича, қонуннинг амалиётга татбиқ этилиши натижасида қонунга хилоф равишда ушбу қилмишни биринчи маротаба содир этган шахслар учун жиноий жавобгарлик эмас, балки маъмурий жавобгарлик белгиланиб, бу, ўз навбатида, жамиятимизда ушбу турдаги жиноятлар кўпайишини олдини олишга хизмат қилади.
Муҳокама якунида қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Бундан ташқари, Сенатнинг қирқ тўққизинчи ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 248-моддасига қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун кўриб чиқилди.
Таъкидланганидек, кейинги йилларда ички ишлар органларида хотин-қизлар ва болаларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини таъминлаш, уларнинг ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза қилиш, шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш, уларнинг маънавий ҳамда жисмоний ривожланишига кўмаклашиш борасида тизимли ишлар йўлга қўйилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳамда Ҳукуматининг тегишли қарорлари билан ички ишлар органларининг ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлинмаларида вояга етмаганлар масалалари бўйича инспектор-психолог ва хотин-қизлар масалалари бўйича инспектор лавозимлари жорий этилди.
Таҳлиллар шуни кўрсатдики, ички ишлар органларининг вояга етмаганлар масалалари бўйича инспектор-психологларида зарур ваколатлар мавжуд эмаслиги вояга етмаганлар билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар профилактикаси юзасидан ўз вақтида чора-тадбирлар кўрилишига тўсқинлик қилмоқда.
Шу билан бирга, тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган хотин-қизларнинг давлат томонидан ҳимоя қилинишини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар самарадорлигини янада ошириш мақсадида ҳимоя ордери талабларининг бажарилишини назорат қилиш юзасидан ички ишлар органлари хотин-қизлар масалалари бўйича инспекторларининг масъулиятини кучайтириш талаб этилади.
Мазкур қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 248-моддасига болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш бўйича мажбуриятларни бажармаганликда, жамоат жойларида тамаки ёки алкоголь маҳсулотини истеъмол қилганликда, шунингдек, вояга етмаган шахсни ғайриижтимоий хатти-ҳаракатларга жалб қилганликда айбдор шахсларни маъмурий жавобгарликка тортиш учун ички ишлар органларининг вояга етмаганлар масалалари бўйича инспектор-психологларига зарур ваколатлар берилишини назарда тутувчи қўшимчалар киритилмоқда.
Бундан ташқари, ички ишлар органларининг хотин-қизлар масалалари бўйича инспекторларига тазйиқ ўтказган ва (ёки) зўравонлик содир этган ёхуд уларни содир этишга мойил бўлган шахс томонидан ҳимоя ордери талабларини бажармаганлик каби маъмурий ҳуқуқбузарликларни расмийлаштириш ваколатлари берилмоқда.
Сенаторлар фикрича, ушбу қонун ички ишлар органларининг вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикасига, хотин-қизлар ва болаларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга доир фаолияти самарадорлигини оширишга хизмат қилади.
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Шунингдек, Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлисида “Қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш янада ривожлантирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун кўриб чиқилди.
Таъкидланганидек, сўнгги йилларда мамлакатимизда энергия барқарорлигини таъминлаш, қайта тикланувчи энергия манбаларини ва энергия тежовчи технологияларни жорий этиш, соҳани давлат томонидан қўллаб-қувватлаш механизмларини такомиллаштириш борасида изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Ҳозирда мамлакатимизда қайта тикланувчи энергия манбаларининг электр энергиясини ишлаб чиқариш умумий ҳажмидаги улуши қарийб 10 фоизни ташкил этмоқда.
Бу борада Ўзбекистон 2030 йилга қадар қайта тикланувчи энергия манбалари қувватини 27 гигаваттга етказиб, электр энергияси ишлаб чиқариш умумий ҳажмини камида 40 фоизга олиб чиқиш мақсад қилинган.
Бу ҳар йили 25 миллиард куб метр табиий газни тежаш, атмосферага зарарли ташланмаларни 34 миллион тоннага қисқартириш имконини беради.
Албатта, белгиланган кўрсаткичларга эришиш учун амалдаги қонунларда айрим нормаларни қайта кўриб чиқиш тақозо этилади.
Юқорида келтирилган заруратга асосан “Қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш тўғрисида”ги қонунга “яшил энергия” сертификатларини бериш ва муомалага киритишга, қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишни давлат томонидан қўллаб-қувватлашга тааллуқли қўшимча ва ўзгартиришлар киритилмоқда.
Қуввати 300 кВт ва ундан юқори бўлган қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланган ҳолда ишлаб чиқариладиган электр энергиясини ягона электр энергетикаси тизимига улаш фақат ушбу манбалар махсус ваколатли давлат органида рўйхатдан ўтказилганидан кейин амалга оширилиши назарда тутилмоқда.
Шунингдек, қонун билан Солиқ кодексига қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишга асосланган генерация объектларининг “яшил энергия” сертификатлари савдосидан тушган даромадларини фойда солиғидан озод қилишга доир ўзгартиш киритилмоқда.
Сенаторлар мазкур қонун ижтимоий ва уй-жой коммунал соҳаларда, иқтисодиёт тармоқларида қайта тикланувчи энергия манбаларини кенг жорий этишга, энергия самарадорлигини ошириш орқали республика ҳудудларидаги энергия тақчиллигини бартараф этишга ҳамда инвесторлар учун қулай шароитларни яратишга ва рағбатлантириш механизмларини белгилашга хизмат қилишини таъкидладилар.
Муҳокама якунида қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Бундан ташқари, Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг Божхона кодексига божхона тартиб-таомилларини янада такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун кўриб чиқилди.
Таъкидлаш лозимки, сўнгги йилларда мамлакатимизда тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишни енгиллаштириш ва рағбатлантириш мақсадида соҳага оид қатор тартиботлар танқидий қайта кўриб чиқилиб, эскирган, замон талабига жавоб бермайдиган бюрократик тўсиқ ва ғовлар бекор қилинди.
Кўрилган чоралар натижасида республикада ишбилармонлик муҳити яхшиланиб, тадбиркорлик субъектлари ва хусусий инвесторлар учун кенг имкониятлар яратилди.
Шу билан бирга, қонунчиликни халқаро нормаларга уйғунлаштириш орқали ташқи савдони янада либераллаштириш зарурати мавжуд.
Муҳокама қилинган қонун қонунчиликдаги бўшлиқларни бартараф этишга, товарларни олиб киришда божхона қийматини аниқлашга доир нормаларни халқаро стандартларга мувофиқлаштиришга қаратилган.
Қонун билан соҳага янги амалиётлар жорий этилмоқда.
Хусусан, божхона ҳудуди реэкспорт божхона режимига жойлаштирилган товарларни олиб чиқиш бўйича аниқ муддатлар, шунингдек, реэкспортга олиб чиқилмаган товарларнинг сақлаш жойлари белгиланмоқда.
2018-2020 йилларда божхона омборларига 488 партиядаги қиймати 186,8 миллион долларга тенг 125,6 минг тонна товарлар олиб келинган бўлиб, бугунги кунга қадар “божхона омбори” божхона режимида муддати ўтган ҳолда сақланмоқда.
Ушбу қонун товарлар бир неча бор божхона омбори божхона режимига жойлаштирилганда ёки бошқа шахсга ўтказилганда божхона омбори божхона режимининг умумий амал қилиш муддати 3 йилдан ошмаслиги бўйича аниқлаштирувчи норма билан тўлдирилмоқда.
Шунингдек, қонунга кўра эндиликда товарларни божхона ҳудудида қайта ишлашнинг технологик жараёни тўғрисидаги ҳужжат кичик турдаги ташкилотлардан эмас, балки фақатгина йирик давлат улуши бўлган ташкилотлардан талаб этилади.
Мазкур енгиллик тадбиркорлар учун қайта ишлаш режимидан самарали фойдаланиш имконини беради.
Бундан ташқари, қонун билан товарлар чиқариб юборилгунига қадар тайинланган божхона экспертизасининг натижалари олингунича товарларни чиқариб юборишга рухсат берилмоқда.
Олиб чиқиладиган товарларга нисбатан тўхтатиб туриш чорасини кўриш мумкинлиги бўйича норма киритилмоқда. Бу амалиёт товарлар экспортини амалга оширувчи миллий ишлаб чиқарувчиларга қулайликлар беради. Хусусан, бу ўзи ишлаб чиқарган товарларнинг контрафакт нусхаларини хорижга экспорт қилишнинг олдини олади, чет давлатларда миллий брендларимиз обрўсини оширади, ҳалол рақобат муҳитини (ўзганинг брендини ўғирламаслик) таъминлайди.
Сенаторларнинг таъкидлашича, мазкур қонун миллий қонунчилик халқаро стандартларга мувофиқлаштирилишини таъминлашга, шу жумладан, иқтисодиётда тенг рақобат учун шарт-шароитлар яратишга ва чет эл инвестицияларини кенг жалб қилишга хизмат қилади.
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Шунингдек, ялпи мажлисда “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига Ўзбекистон Республикаси миллий қонунчилигини Жаҳон савдо ташкилоти битимларига мувофиқлаштиришни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун кўриб чиқилди.
Қонунда интеллектуал мулк, реклама ва давлат божи билан боғлиқ бўлган миллий қонунчиликнинг қатор нормаларини Жаҳон савдо ташкилотининг талабларига уйғунлаштириш мақсадида “Ихтиролар, фойдали моделлар ва саноат намуналари тўғрисида”ги, “Товар белгилари, хизмат кўрсатиш белгилари ва товар келиб чиққан жой номлари тўғрисида”ги, “Реклама тўғрисида”ги, “Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида”ги ва “Давлат божи тўғрисида”ги қонунларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши назарда тутилган.
Хусусан, “Ихтиролар, фойдали моделлар ва саноат намуналари тўғрисида”ги қонунга киритилаётган ўзгартириш йиллар давомида саноат ишлаб чиқаришга жорий қилинмаган ихтироларни ёки фойдали моделларни амалиётга жорий қилинишини таъминлашга, янги турдаги маҳсулотларни ишлаб чиқаришга ва бозорни тўлдиришга хизмат қилади.
Бундан ташқари, “Реклама тўғрисида”ги қонун Жаҳон савдо ташкилотининг Хизматлар савдоси бўйича бош битимида назарда тутилган меъёрлар билан ўзаро мувофиқлаштирилиб, эркин рақобат муҳитининг яратилиши кўзда тутилган.
Қонунга киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчаларга асосан чет элда ишлаб чиқарилган пивони, табиий ва кўпикланадиган виноларни реклама қилиш юзасидан чеклов бекор қилиниб, бу билан бозорда рақобат муҳитини юзага келишига замин яратилмоқда.
“Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида”ги қонунга ҳам Жаҳон савдо ташкилоти битимларидан келиб чиқиб, қўшимча меъёрлар киритилаётган бўлиб, унга кўра фармацевтика соҳасига клиник тадқиқотлардан олдинги ва клиник тадқиқотлар натижалари бўйича олинган маълумотларни самарали ҳимоя қилиш механизмини жорий қилиш орқали оригинал дори воситалар ишлаб чиқарувчиларнинг ҳуқуқи ҳимоя қилинмоқда.
“Давлат божи тўғрисида”ги қонунга хорижий инвестицияли ҳамда маҳаллий корхоналарга бир хилда тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишга қаратилган ўзгартиришлар киритилмоқда. Яъни, чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналарни давлат рўйхатидан ўтказганлик учун давлат божи ставкаси базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 бараваридан 1 баробаригача туширилмоқда.
Қонунда ихтиролар, фойдали моделлар, саноат намуналарини ҳуқуқий муҳофаза қилиш учун патент беришга, расмий экспертиза ўтказишга ва маълумотларни эълон қилишга талабнома бериш учун давлат божлари миқдорлари Интеллектуал мулкнинг савдо жиҳатлари бўйича ЖСТ битими талабларига уйғунлаштирилмоқда.
Сенаторларнинг фикрича, мазкур қонуннинг қабул қилиниши миллий қонунчиликни Жаҳон савдо ташкилоти битимлари талабларига мувофиқлаштириш орқали Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиш жараёнининг жадаллашишига ҳамда интеллектуал мулк объектларининг ҳимоя қилинишини таъминлашга, Ўзбекистон Республикаси ва хорижий инвесторларга бир хил шарт-шароитлар ҳамда тенг рақобат муҳити яратилишига хизмат қилади.
Муҳокамадан сўнг сенаторлар ушбу қонуннинг долзарблиги ва зарурлигини эътиборга олиб, уни маъқулладилар.
Шунинг билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг қирқ тўққизинчи ялпи мажлисининг биринчи иш куни якунланди.
Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Ахборот хизмати