Экотизимларни сақлаш борасида Хитой тажрибаси ўрганилмоқда
Ўзбекистон Республикаси ва Хитой Халқ Республикаси билан барча соҳаларда бўлгани каби экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши соҳасида ҳам изчил ва самарали ҳамкорлик йўлга қўйилган.
Хитой Халқ Республикаси қум бўронлари ва чўлларни назорат қилиш бўйича миллий кенгаши раиси Ан Фендзининг Самарқандда ўтказилган (CRIC-21) — БМТнинг чўлланиш тўғрисидаги конвенцияси ижросини кўриб чиқиш қўмитасининг 21-сессиясида иштирок этиши ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасидаги яна бир муҳим қадамга айланди.
Ан Фендзи ва Экология вазири Азиз Абдуҳакимов ўртасидаги мулоқот жараёнида ерларнинг деградацияси ва барқарор ер бошқаруви бўйича тадқиқотлар олиб бориш, жумладан, тажриба алмашиш ва Ўзбекистоннинг чанг ва қум бўронлари хавфи юқори бўлган ҳудудларида қўшма илмий-тадқиқот фаолиятини амалга ошириш масалалари муҳокама қилинган эди. Якунда чўлланиш ва ерларнинг деградациясига қарши курашиш соҳасида илмий-амалий ҳамкорлик тўғрисида Меморандум ишлаб чиқиш ва имзолаш орқали тез орада яқин ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича келишувга эришилган.
Шунингдек, жорий йил Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигида ташкил этилган хитойлик соҳа вакиллари билан бўлиб ўтган учрашувда икки мамлакат ўртасида экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги ҳамкорлик ва стратегик шерикликни мустаҳкамлаш истиқболлари, шунингдек, энергия жиҳатидан тежамкор ва экологик тоза бинолар қуриш ҳамда маиший ва қаттиқ чиқиндиларни қайта ишлаш бўйича йирик лойиҳалар муҳокама қилинди.
Хитой унумдор тупроқларни табиатнинг салбий таъсиридан ҳимоя қилишга ёрдам берувчи экологик лойиҳаларни амалга ошириш бўйича етакчи давлатлардан бири ҳисобланади. Чўлланишга қарши курашиш ва экотизимларни тиклашда ҳам катта тажрибага эга. Хусусан, сўнгги 10 йилда “Уч шимол” лойиҳаси доирасида ўрмонлар майдони 33,3 миллион гектардан ортиқроққа кўпайди. Мутахассислар ҳаво ифлосланишининг олдини олиш, халқаро экологик стандартларни белгилаш, рақамлаштириш тизимини кенг жорий этиш, ХХР тажрибасини ўрганиш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги механизмларни ишлаб чиқиш муҳимлигини қайд этди.
Бундан ташқари, чўл ҳудудларини ободонлаштириш, кўчат экиш бўйича фермер хўжаликларини ташкил қилиш, шаҳар тизимида инновацион технологияларни ўрнатиш ва оқава сувларни тозалаш бўйича Хитой тажрибасини ўрганиш масалаларига ҳам эътибор қаратилмоқда.
Маълумот ўрнида шуни таъкидлаш лозимки, ўтган 2007 йил 3 ноябрда Хитой Халқ Республикаси Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат бошқармаси билан ўзаро англашув меморандуми имзоланган. 2019 йилда эса Орол денгизи халқаро инновация маркази (IIC) ва Хитой Фанлар академияси (XIEG) қошидаги Шинжон Экология ва география институти ўртасида Орол денгизи минтақасида илмий ҳамкорликни ривожлантириш борасида келишувга эришилган.
Бугунги кунда Хитой билан Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти (ШҲТ) ҳамда Қор қоплони ва унинг экотизимини сақлаш бўйича глобал дастур (GSLEP) каби халқаро платформалар доирасида ҳамкорлик қилинмоқда. Қолаверса, XXR билан атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги Битим лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА