Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети Нукус филиалида Германия халқаро ҳамкорлик ташкилоти (GIZ) вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди.

Унда филиал директори А.Есимбетов лойиҳа раҳбари Беате Счореит, ташкилотнинг Қорақалпоғистон Республикасидаги лойиҳалари координатори А.Қурбанов билан суҳбатлашди.

Мулоқот давомида Германия халқаро ҳамкорлик ташкилоти (GIZ) томонидан филиал лабораторияси учун тақдим этилган 16 та номдаги 102 дона жиҳознинг амалиётга татбиқ этилганлиги қайд этилди. Келгусида йирик лойиҳаларни амалга ошириш, ўқитувчиларнинг Германия таълим муассасаларида амалиёт ўташини йўлга қўйиш, ушбу мамлакат тажрибасини чуқур ўрганиш ва жорий этиш каби муҳим масалалар муҳокама этилди.

Учрашувдан сўнг меҳмонлар филиал лабораторияси фаолияти билан танишди. Шу ернинг ўзида талабалар билан очиқ мулоқот олиб борилди. Ёшлар лабораторияда яратилган шароитлардан мамнун эканликларини билдирди ва амалий ҳамкорлик учун меҳмонларга миннатдорлик изҳор этди.

Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири