Ўзбекистон – Хитой: янги йўналишларда авиақатновлар йўлга қўйилиши кутилмоқда

Турли давлатлар билан авиақатновлар ҳажмини ошириш, парвозлар географиясини кенгайтириш, янги ҳаво коридорларини очиш мамлакат иқтисодиётида муҳим омил саналади.
Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги, Фуқаро авиацияси агентлиги, “Ўзаэронавигация” маркази ДУК раҳбар ва мутахассисларидан ташкил топган ишчи гуруҳ Хитой авиакомпанияларини Ўзбекистон авиаташувлар бозорига жалб этиш ҳамда 2023 йилда Ўзбекистонда ташкил этилган янги резидент авиакомпанияларнинг Хитой авиаташувлар бозорида иштирокини таъминлаш юзасидан Хитой авиация маъмурияти билан музокаралар ўтказмоқда.
Музокараларнинг биринчи босқичидан олинган хулосага кўра, баҳор-ёз мавсумидан Тошкент – Пекин, Тошкент – Сиян ҳамда Тошкент – Чэнду йўналишларига қўшимча равишда Урумчи – Самарқанд, Тошкент – Шанхай, Тошкент – Хайнан, Тошкент – Санья ва Тошкент – Ханчжоу каби янги йўналишларда мунтазам авиақатновлар йўлга қўйилиши кутилмоқда, дейилади Транспорт вазирлиги маълумотида.
Шунингдек, Ўзбекистоннинг “Қанот Шарқ” ҳамда “Centrum Air” резидент авиакомпаниялари Хитой Халқ Республикасига мунтазам парвозларни амалга ошириш учун хориж томонининг талабига мувофиқ сертификациядан ўтиш жараёнини якунлаб, тегишли эксплуатация рухсатномасини олганидан сўнг янги ташкил этилган авиакомпаниялар орасида биринчилардан бўлиб Хитойга мунтазам парвозларни йўлга қўйиши мумкин.
Абдулазиз РУСТАМОВ, ЎзА