Сенат Раиси: жипслашишимиз, самаралироқ меҳнат қилишимиз ҳар қачонгидан муҳимроқ

Парламент юқори палатаси ялпи мажлисида Сенат Раиси Танзила Норбоева бугунги мураккаб даврда мамлакатимизда мустаҳкам, барқарор ва ҳеч кимга қарам бўлмайдиган иқтисодни ривожлантиришга қаратилган том маънодаги мустақил сиёсат олиб борилаётганини қайд этди.
– Давлатимиз раҳбари бошчилигида амалга оширилаётган бу ишлар халқимиз томонидан тўлиқ қўллаб-қувватлаётганининг гувоҳи бўлмоқдамиз, – деди Т.Норбоева. – Бундай шароитда барчамиз жипслашишимиз, халқимизнинг ҳаётдан рози бўлиб яшаши учун якдиллик билан, самарали меҳнат қилишимиз ҳар қачонгидан муҳимроқ ҳисобланади.
Мажлисда ёшлар билан ишлаш, таълим соҳаси, тадбиркорлик, ижтимоий кўмак ва бошқа соҳаларда ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш янги даражага олиб чиқилгани, жорий йил – “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да эса бу борадаги ишлар янада ривожлантирилиш зарурлигига эътибор қаратилди.
Сенаторларнинг иш фаолияти бевосита жойларда амалга ошиши кераклиги алоҳида таъкидланди. Қонунчилик таклифларини киритишга оид Конституцияда белгиланган ваколатдан самарали фойдаланиш зарур. Хусусан, Меҳнат миграциясини тартибга солиш ҳамда вояга етмаганларга нисбатан зўравонлик билан боғлиқ жиноятларнинг олдини олишга қаратилган қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш бўйича бошланган ишлар охирига етказилиши керак.
“Болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунни такомиллаштириш юзасидан ҳам таклифлар тайёрланади.
Умуман олганда, барча қўмиталар тегишли соҳаларга оид қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан таклифларни ўз фаолияти самарадорлигининг асосий кўрсаткичи сифатида қараши керак.
Ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш каби қатор муҳим масалаларни ўрганиш, бу борада ижро органларига кўмаклашиш ишлари фаол давом эттирилади ва янада кучайтирилади.
Ҳукумат билан биргаликда яширин иқтисодиётни қисқартириш, хусусан, легал бандлик даражасини ошириш, инвестиция, экспорт ва халқаро ҳамкорлик, туризм ва маданият, маҳаллалардаги “еттилик тизими” фаолиятини янги ёндашувлар асосида ташкил этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилади.
Маҳаллий кенгашлар фаолиятига оид қонунчиликни такомиллаштириш чоралари кўрилади, ҳудудларда вакиллик ва ижро ҳокимиятининг бўлиниши бўйича ҳуқуқий база яратилади. Маҳаллий кенгашларни том маънода “халқнинг чинакам овозига айлантириш” бўйича беш йилга мўлжалланган концепция ишлаб чиқилади.
Олий таълим, соғлиқни сақлаш, капитал қурилиш, давлат харидлари соҳаларида “Коррупциясиз соҳа” лойиҳаси ижроси назорати янада кучайтирилади. Ушбу соҳаларда “коррупциясиз соҳа” лойиҳасини амалга ошириш бўйича 2024-2025 йилларга мўлжалланган “Йўл харитаси” қабул қилинади.
Шу каби бир қатор устувор йўналишлардан келиб чиқиб, Сенатнинг жорий йил биринчи ярмига мўлжалланган иш режаси лойиҳаси тайёрланди. Унда хусусан, амалдаги 5 та қонун, “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла”, “Яшил макон” каби дастурларнинг ҳудудлар, соҳа ва тармоқлардаги ижроси, хизматлар соҳасини янада ривожлантириш, фармацевтика тармоғини ривожлантириш, барқарор ривожлантириш соҳасида миллий мақсад ва вазифаларнинг амалга оширилиши, ёшлар, хотин-қизлар масалаларига оид долзарб йўналишларда ўрганишлар олиб бориш ва бошқа бир қатор муҳим масалаларга оид 130 дан зиёд вазифа белгиланган.
Норгул Абдураимова, ЎзА