Германиянинг афсонавий футболчиси Франц Беккенбауэр 78 ёшида оламдан ўтди ва у билан видолашиш учун “Бавария” футбол клуби стадионига 20 минг одам келди. Шунингдек, маросимда мамлакат президенти Франк-Вальтер Штайнмайер ва Германия канцлери Олаф Шольц ҳам иштирок этган.
“Биз жаҳон миқёсидаги футболчи билан шунчаки хайрлашаётганимиз йўқ. Биз буюк инсон билан хайрлашмоқдамиз. Беккенбуэр ўрнак оладиган даражада намунавий инсон эди, у билан боғлиқ бахтли воқеаларимиз кўп бўлган”, – дея таъкидлаган Штайнмайер ўз нутқида.
Германия президенти 2006 йилда бўлиб ўтган жаҳон чемпионатини назарда тутиб гапирар экан,“у бизга нафақат гўзал футболи билан қувонч улашди, балки, ўз ватанига бошқа давлатларнинг дўстона қарашини ҳам уйғота билди, биз буни асло унутмаймиз”, – деган у қўшимча қилиб.
Маросимда Бавария бош вазири Маркус Зёдер, “Бавария” футбол клуби президенти Герберт Хайнер, Германия терма жамоасининг ҳозирги ва собиқ ўйинчилари, мураббийлар, Бундеслига, FIFA ва UEFA президентлари ҳам иштирок этишган.
Маълумот ўрнида айтиш жоиз: Беккенбауэр футбол тарихидаги энг яхши ҳимоячилардан бири эди. У фаолиятининг асосий қисмини “Бавария”да ўтказди. Бундеслигада 400 дан ортиқ, Германия терма жамоаси таркибида 100 дан ортиқ ўйин ўтказган. Беккенбауэр икки марта FIFA Жаҳон кубогини қўлга киритган. Биринчи марта 1974 йилда футболчи сифатида, иккинчи марта 1990 йилда мураббий сифатида. Бундан ташқари, у икки марта “Олтин тўп” ва уч марта Европа кубоги совриндори бўлган.
Франц Беккенбауэр Германияда тўрт марта “Йилнинг энг яхши футболчиси” деб топилган. У 1994 йилдан 2009 йилгача “Бавария” футбол клуби президенти бўлган. 2006 йилда Германияда бўлиб ўтган футбол бўйича Жаҳон чемпионати ташкилий қўмита раҳбари сифатида ҳам фаолият юритган.