Пайшанба куни Чехия парламентида “Озодлик ва демократия” мухолифат ҳаракатининг етакчиси Томио Окамура 10 соату 44 дақиқа маъруза ўқиди. Бу билан у маъруза ўқиш бўйича бир вақтлар рекорд ўрнатган Куба раҳбари Фидель Кастрони ҳам ортда қолдирган.
“Ўшанда Фидель Кастро мамлакат парламентида сўзга чиққанида 7 соату 15 дақиқа гапирган эди”, деб ёзмоқда “Idnes” нашри.
“Окамура ҳамкасбларига маъруза ўқишда аввалги йилги рекордини янгилаш ниятини олдиндан маълум қилган. Ўшанда сиёсатчи 7 соату 7 дақиқа нутқ сўзлаган эди. Бу галги чиқишида нафақат ўзининг, балки Фидель Кастронинг 1998 йил февралда ўрнатган рекордини ҳам янгилади”, – дейилади хабарда.
Маърузани бошлагандан кейин тўрт соат ўтгач Окамура мажлис раисидан камзулини ечиб қўймоқчилигини айтган, яна икки соат ўтгандан кейин имо-ишора билан қаҳва келтиришни сўраган, лекин унга бир стакан сув келтиришган холос.
Чехияда партия етакчиларининг парламентда чиқиши вақт билан чегараланмаган.