Давлат бошқаруви академиясида «Салоҳиятли кадрлар резерви»га киритилган 100 нафар ёшлар етакчиси учун махсус ўқув-амалий семинар ташкил этилди.

Унда етакчиларнинг ижтимоий-иқтисодий, сиёсий-ҳуқуқий, маънавий-маърифий соҳадаги билимлари оширилди, шахсий ва бошқарув кўникмаларини ривожлантиришга қаратилган сабоқлар берилди.

Семинарда вазирлик ва идораларнинг раҳбарлари билан амалиётдаги муаммолар ва уларнинг ечимлари юзасидан мулоқот ўтказилди. Ёшларнинг шахсий ва бошқарув кўникмаларини ривожлантириш бўйича тренинглар ташкил этилди.

Ўқув якунида тест синови, ижтимоий-психологик диагностика ва суҳбат ўтказилди. Кадрларнинг натижалари таҳлил қилиниб, рейтинги шакллантирилди.

Семинарнинг ёпилиш маросимида ёшлар етакчиларига махсус сертфикатлар топширилди. Уларга шахсий ривожланишларига алоҳида эътибор қаратиш, маҳаллалардаги ҳамкасблари билан яқиндан ишлаш, мунтазам китоб мутолааси билан шуғулланиш бўйича тавсиялар берилди.

Махсус ўқув-амалий семинар якуни бўйича юқори натижаларга эришган ёшлар етакчилари эндиликда туман (шаҳар) ва ҳудуд даражасидаги раҳбарлик лавозимларига тавсия этиб борилади.

Н.Абдураимова, ЎзА