Сингапур прокуратураси мамлакат транспорт вазири Субраманиам Исваранни коррупцияда расман айблади. Буни нимаси қизиқ дейсизми? Қизиқ томони бу Сингапурда сўнгги 40 йил ичидаги вазир билан боғлиқ биринчи коррупция иши ҳисобланади.
Вазирга коррупция, давлат хизматчиси сифатида қимматбаҳо буюмлар олиш ва адолат таъминланишига тўсқинлик қилиш каби жами 27 та айблов қўйилган.
Сингапурда сўнгги марта 1986 йилда вазир коррупция бўйича тергов қилинган эди. Ўшанда миллий тараққиёт вазири Те Чеанг Ван гумонланувчи сифатида жалб қилинган ва айблов қўйилишидан аввал ўз жонига қасд қилган.
Маълумот учун ушбу мамлакатда вазирларнинг ўртача йиллик маоши тахминан 834 минг долларни ташкил қилади. Бундай юқори маошлар амалдорларни пора олишдан қайтаради. Тransparency International ташкилотининг индексида Сингапур коррупция бўйича энг паст кўрсаткичли мамлакатлар орасида дунёда бешинчи ўринни эгаллайди.
Шаҳноза Тоштемирова, ЎзА