Оқ уй маъмуриятини вақтинчалик молиялаштириш мартгача узайтирилди. Нега йил охиригача эмас? Конгрессда йиллик бюджет борасида бирлик йўқлиги айтилмоқда.
Конгресс АҚШ маъмурияти учун вақтинчалик ёрдам тўғрисидаги қонун лойиҳасини маъқуллади. Энди уни мамлакат президенти Жо Байден имзолаши керак.
АҚШ бюджетининг қарийб бешдан бир қисмини ташкил этувчи мудофаа, фахрийлар, қишлоқ хўжалиги ва транспорт соҳаларига ҳукумат томонидан ажратиладиган жорий маблағ охирги марта 20 январгача давом этишига келишилган эди.
Бошқа соҳалар, жумладан, ташқи сиёсат, савдо, иш ўринлари ва соғлиқни сақлаш соҳаларидаги харажатлар учун маблағ 2 февралга қадар ажратилиши белгиланган. Бу сафар Конгресс ушбу муддатларни негадир 8 мартга қадар кўчириш учун овоз берди.
АҚШ маъмурияти фаолиятининг айрим йўналишларини молиялаштириш бўйича вақтинчалик чора-тадбирлар учинчи марта узайтирилди. Конгрессдаги республикачилар ва демократлар йил охиригача молиялаштиришни 2023 йил сентябридан бери келиша олмаяпти.
Фаластиннинг Хамас ташкилотига қарши ҳарбий операция ўтказаётган Исроилга ва янги ҳарбий ёрдам ажратилиши керак бўлган Украина муаммоси бу масалани ҳал қилишга тўсиқ бўлмоқда. Шунингдек, Конгрессда Мексикадан ноқонуний миграцияга қарши курашиш учун бюджет маблағларини ажратиш борасида ҳам бирлик йўқ.
АҚШ президенти Жо Байден 17 январь куни Конгресснинг қатор қўмиталари раҳбарияти билан учрашувда шу масалаларни муҳокама қилди. Украинани қўллаб-қувватлашни давом эттириш зарурлиги ҳақида гапирар экан, у Конгресснинг бу соҳада ҳаракат қилмаслиги АҚШ, НАТО ва бошқа мамлакатларнинг миллий хавфсизлигига таҳдид солаётганини айтган.