Бугун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг қирқ тўққизинчи ялпи мажлиси бўлиб ўтмоқда, унда Сенаторлар дронлардан ноқонуний фойдаланганлик учун жазони енгиллаштирувчи қонунни маъқуллади.

Хусусан, маъмурий ҳуқуқбузарлик натижасида аниқланган учувчисиз учадиган аппаратлар давлат ҳисобига мусодара қилиниши, қонунга хилоф равишда ҳаракатларни содир этган шахс, агар у учувчисиз учадиган аппаратларни, уларнинг бутловчи ва эҳтиёт қисмларини ўз ихтиёри билан топширса, жавобгарликдан озод қилиниши ҳамда ушбу тоифадаги маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишлар жиноят ишлари бўйича судлар томонидан кўриб чиқилиши белгиланмоқда.

Шунингдек, Жиноят кодексининг 244-4-моддасида белгиланган санкцияларга муқобил жарима, ахлоқ тузатиш ишлари, озодликни чеклаш каби жазо турлари киритилмоқда, яъни шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, жиноий жавобгарлик назарда тутилмоқда.

Амалдаги қонунчиликка биноан бундай ҳаракатларни содир этганлик учун фақат жиноий жавобгарлик назарда тутилган эди.  Яъни 3 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш  жазоси белгиланган эди.

Сенаторларнинг фикрича бу қонун жамиятимизда ушбу турдаги жиноятлар кўпайишини олдини олишга хизмат қилади.

 

Нозимбек Мардонов, ЎзА