Учувчисиз учадиган аппаратлардан ноқонуний фойдаланганлик учун жавобгарлик енгиллашади

226

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга учувчисиз учадиган аппаратларни, уларнинг бутловчи ва эҳтиёт қисмларини қонунга хилоф равишда олиб кириш, ўтказиш, олиш, сақлаш ёки улардан фойдаланиш билан боғлиқ маъмурий жавобгарликни назарда тутувчи янги норма киритилмоқда.

Бу Сенатнинг қирқ тўққизинчи ялпи мажлисида маъқулланган “Айрим тоифадаги жиноий қилмишлар учун жавобгарлик либераллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонунда акс этган.

Маъмурий ҳуқуқбузарлик натижасида аниқланган учувчисиз учадиган аппаратлар давлат ҳисобига мусодара қилиниши, қонунга хилоф равишда ҳаракатларни содир этган шахс, агар у учувчисиз учадиган аппаратларни, уларнинг бутловчи ва эҳтиёт қисмларини ўз ихтиёри билан топширса, жавобгарликдан озод қилиниши мумкин.

Ушбу тоифадаги маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишлар жиноят ишлари бўйича судлар томонидан кўриб чиқилиши ҳам қонунда белгилаб қўйилган.

Жиноят кодексининг 244-4-моддасида белгиланган санкцияларга муқобил жарима, ахлоқ тузатиш ишлари, озодликни чеклаш каби жазо турлари киритилмоқда. Яъни, шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, жиноий жавобгарлик назарда тутилмоқда.

Қонуннинг амалиётга татбиқ этилиши қонунга хилоф равишда ушбу қилмишни биринчи маротаба содир этган шахслар учун жиноий жавобгарлик эмас, балки маъмурий жавобгарлик қўлланилишига асос яратади. Бу, ўз навбатида, жамиятимизда ушбу турдаги жиноятлар кўпайишининг олдини олишга хизмат қилади.

 

Н.Абдураимова,  

ЎзА