2023 йилда мамлакатимизда санитария-эпидемиологик осойишталикни таъминлаш борасида қандай ишлар амалга оширилди?

312

АОКАда ўтказилган брифингда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси ахборот хизмати раҳбари Мафтуна Саидова 2023 йилда мамлакатимизда санитария-эпидемиология йўналишида амалга оширилган ишлар юзасидан маълумот берди.

– Ўтган йиллар давомида халқаро ташкилотлар талабларидан келиб чиқиб, 40 та санитария қоида ва меъёрлари янги таҳрирда қабул қилинган бўлса, 2023 йилнинг ўзида 14 та санитария қоида ва меъёрлари янги таҳрирда қабул қилинди ва халқаро андозаларга мослаштирилди, – деди Мафтуна Саидова. – Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори билан Қўмита ҳузурида Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги соҳасида кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш маркази ташкил этилди. Марказда ўтган йилда 417 та мутахассис малака оширди ва қайта тайёрловдан ўтди. Марказ Нидерландия, АҚШ, Корея, Малайзия, Германия, Россия каби давлатлардаги олий таълим муассасалари ва илмий ташкилотлар билан ҳамкорлик алоқалари ўрнатди.

Шунингдек, 2023 йилда АҚШ касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш марказлари (CDC)  билан биргаликда амалий эпидемиология (FETP) дастури доирасида “Эпидемиология асосларини ўқитиш” бўйича курсларда 20 нафар мутахассис малакасини ошириб, эпидемиология соҳасидаги илғор тадқиқот услубларини амалиётга қўллаш кўникмаларига эга бўлди.

Ёш кадрларни қўллаб-қувватлаш мақсадида олий таълим муассаларининг 456 нафар битирувчиси ишга қабул қилинди ҳамда “устоз-шогирд” тамойили асосида уларга малакали ва тажрибали мутахассислар бириктирилди.

Юқумли касалликларнинг мамлакатимиз ҳудудига кириб келиши ва тарқалиш хавфининг олдини олиш бўйича профилактик тадбирлар янада такомиллаштирилди.

Йил давомида озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти билан шуғулланадиган 1788 та экспортёр корхоналар рўйхати шакллантирилди. Уларга 1452 нафар қўмита ходимлари бириктирилиб, экспортёр корхоналарда мониторинг ўтказилди. Уларнинг муаммолари ўрганилди ҳамда кўмаклашилди.

Четдан олиб келинадиган импорт маҳсулотларга санитария-эпидемиологик хулосалар расмийлаштириш жараёни 30 фоизгача қисқартирилди.

Соҳа ривожи ва моддий-техник базасини мустаҳкамлаш учун қарийб 243 ярим млн. долларлик 5 та инвестиция лойиҳалари амалга оширилмоқда.

Таъкидланишича, Қўмита қошида ташкил этилган Миллий референс лаборатория ва 21 та таркибий муассаса лабораториялар халқаро аккредитациядан ўтказилиб, улар томонидан ўтказилган хавфсизлик кўрсаткичлари бўйича таҳлил натижалари озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти жараёнларида дунё мамлакатларида тан олинишига эришилмоқда. Бундай тизимли ишларни жорий йилда ҳам давом эттириш режалаштирилган.

 

Моҳигул Қосимова, ЎзА