Делегатлар Шаҳидлар хотираси хиёбонига ташриф буюрди

ФОТОРЕПОРТАЖ
Ўзбекистон маҳаллалари уюшмасининг таъсис конференцияси доирасида делегатлар пойтахтимиздаги Шаҳидлар хотираси хиёбонига ташриф буюрди.
Таъкидлаш жоиз, куни кеча иш бошлаган “Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси фаолиятини йўлга қўйиш ва маҳаллаларда бошқарув тизимини такомиллаштириш” мавзусида мазкур таъсис конференциянинг биринчи кунида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Т. Норбоева, Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси, Республика маҳаллани қўллаб-қувватлаш кенгаши раисининг биринчи ўринбосари Ғ. Мирзаев, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, ҳамкор ташкилотлар вакиллари, шунингдек, вилоятлардан 140 нафар делегат иштирок этди. Унда Ўзбекистон маҳаллалари уюшмасини тузиш ва унинг ҳудудий бўлинмаларини ташкил этиш, уюшма Устави ва Рамзини, ҳудудий бўлинмаларининг намунавий низомларини тасдиқлаш, уюшманинг Назорат-тафтиш комиссияси раиси ва аъзоларини сайлаш, уюшма ва унинг ҳудудий бўлинмалари ҳамда маҳалла фаоллари олдида турган устувор вазифалар тўғрисидаги масалалар муҳокама қилинди.
Хиёбонга ташриф давомида иштирокчилар ҳудуддаги бунёдкорлик ишларини кўздан кечириб, Қатағон қурбонларини ёд этди, “Қатағон қурбонлари хотираси” музейида яратилган шароитлар, тарихий ҳужжатлар билан танишди. Шу ерда маҳалла раисларига қатағон қилинган катта салоҳиятга эга етакчилар, олимлар, адиблар, шифокорлар, ўқитувчилар ҳақида батафсил сўзлаб берилди.
– Конференция доирасида Шаҳидлар хотираси хиёбонида бўлдик, – дейди Нукус шаҳридаги Нуақан бағ маҳалласи раиси Замира Айтбоева. – Бу масканда ўзига хос сокинлик ва аллақандай ғамгинлик бор. Кўз ўнгимда беихтиёр китобларда ўқиганим ва эшитганларим жонланди. Бу маскан ёшлар қалбида маънавий қадриятларга ҳурмат, аждодлар руҳига эҳтиром туйғуларини уйғотади. Президентимиз маънавият вакиллари билган ўтказилган мулоқотда таъкидлаганидек, бугун маънавият бошқа соҳалардан ўн қадам олдинда юриши, янги кучга, янги ҳаракатга айланиши керак. Бу борада фуқаролар йиғинлари қошидаги жамоатчилик комиссиялари фаол бўлмоғи лозим. Маънавий нуқтаи назардан “ухлаб ётиш”га, лоқайд бўлишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Хиёбонда айланар эканмиз, маънавий етуклик, аждодларга муносиб бўлиш масъулияти нақадар муҳимлигини қалбимиздан ўтказдик.
Камола Юсупова,
Носиржон Ҳайдаров (сурат), ЎзА