Хитойнинг илғор тажрибасини жорий этиш орқали Ўзбекистоннинг аграр соҳадаги салоҳиятини юзага чиқариш мумкин

Хитой аграр соҳани ислоҳ қилишнинг ўзига хос йўлини танлаган, қишлоқ хўжалигида улкан ютуқларга эришган давлатлардан бири ҳисобланади. Хитой Халқ Республикасининг иқтисодий ўсиши айнан қишлоқ хўжалиги билан боғлиқ. Мазкур мамлакатнинг илғор тажрибасини жорий этиш орқали Ўзбекистоннинг аграр соҳадаги салоҳиятини юзага чиқариш имконияти мавжуд.
Мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги тизимида Хитой билан амалий мулоқот, эришилаётган натижалар ҳамда жалб қилинаётган инвестициялар кўлами тобора кенгайиб бормоқда.
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги матбуотининг маълум қилишича, ўтган 2021 йилда Хитойга умумий қиймати 102,2 миллион долларлик 119,9 минг тонна мева-сабзавот етказиб берилган бўлса, 2022 йилда 121,1 миллион долларлик 146,8 минг тонна мева-сабзавот маҳсулотлари экспорт қилинган. 2023 йилда эса бу кўрсаткич янада ошиб, 183,4 миллион долларлик 214 минг тонна мева-сабзавот ва озиқ-овқат маҳсулотлари Хитойга юборилган. Бунда асосан мош (94,5 миллион доллар), қуритилган олхўри (7,6 миллион доллар), узум (12 миллион доллар), гилос (308 минг доллар) ва бошқалар ўрин олди.
2023 йил давомида Хитойдан умумий қиймати 106,3 миллион долларлик 104,5 минг тонна мева-сабзавот ва озиқ-овқат маҳсулотлари импорт қилинишига эришилган. Бунда асосан чой (31,3 миллион доллар), қандолат маҳсулотлари (4,6 миллион доллар), мандарин (5,4 миллион доллар), нок (4,3 миллион доллар), тамаки маҳсулотлари (9,7 миллион доллар), кунгабоқар уруғлари (27,2 миллион доллар), чорва озуқаси (1,9 миллион доллар) ташкил этган.
Бугунга қадар Ўзбекистон ва Хитой ўртасида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт ва импорт қилишда бир нечта ҳужжатлар ва келишувлар имзоланган.
2020-2022 йилда умумий қиймати 384,8 миллион долларлик (203,83 миллион доллар ўзлаштирилган) 33 та лойиҳа, ҳудудий инвестиция дастури доирасида 21 та лойиҳа амалга оширилиб, 45,8 миллион долларлик Хитой сармояси жалб этилган.
Қишлоқ хўжалиги йўналишида Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда Хитойнинг “CITIC GROUP” компанияси ўртасида тузилган меморандумга кўра, 2022-2026 йилларга мўлжалланган мева-сабзавот ва чорвачилик қишлоқ хўжалиги кластерини яратиш бўйича қиймати 15 миллион долларлик лойиҳани амалга ошириш бўйича иш олиб борилмоқда.
Ўзбекистонлик соҳа вакиллари чорвачилик, шоличилик каби йўналишларда кластерларни ташкиллаштириш бўйича ҳам Хитой амалиётини ўрганиш мақсадга мувофиқ эканлигини қайд этган. Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва Хитойнинг Шоличилик илмий-тадқиқот институти ўртасида “Қўшма шоли илмий маркази”ни очиш тўғрисида Меморандум имзоланган.
Бундан ташқари, Хитой Халқ Республикаси Қишлоқ хўжалиги фанлари академияси томонидан аграр соҳа учун зарурий лаборатория жиҳозлари, қишлоқ хўжалиги техникаси ва агрегатлари харид қилиш ҳамда қўшма биотехнологик илмий тажрибалар ўтказиш учун 3,6 миллион доллар миқдорида молиявий маблағ ажратилган бўлиб, лабаратория жиҳозларининг асосий қисми Ўзбекистон томони томонидан қабул қилиб олинган.
Тошкент давлат аграр университети ва “Пенг Шенг” МЧЖ ҚК Хайнан провинсияси халқаро иқтисодий ривожланиш бюроси билан ҳамкорликда Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг янги турларини етиштириш мақсадида уч томонлама ҳамкорлик йўлга қўйилган.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА