Куни кеча футбол мухлислари шиддатли ва муҳим учрашувларга гувоҳ бўлди. Кимдир Европа яшил майдонларида кечган баҳсларни, кимдир Африка ва Осиё қитъа биринчилигидаги гуруҳ учрашувларини катта қизиқиш билан томоша қилди. Ўзбек футбол мухлисларини эса терма жамоамизнинг Осиё кубогидаги ишончли ғалабаси қувонтиргани бор гап.
Гуруҳ босқичининг биринчи турида Сурияга қарши ўйинда қайд этилган дурангдан сўнг терма жамоамизга мухлислар ишончи бироз пасайди ва тушкунлик кайфияти уларни қамраб олди. Аммо Сурия қандай кучга эга эканлиги Австралияга қарши ўйинда сезилди ва айрим мухлислар қайд этилган дурангга рози бўла бошлади. Бироқ футболчиларимизнинг Ҳиндистонни 3:0 ҳисобида енггани барчамизга яна катта умид бағишлади.
Умуман олганда Ҳиндистон билан ўйинда терма жамоамиз аъзолари анча эркин ҳаракат қилди. Учрашувнинг 4-дақиқасида Шерзод Насруллаевнинг жарима майдончасига ошириб берган узатмасидан кейин Отабек Шукуров ҳаводаги курашда устун келди ва тўпни Аббосбек Файзуллаевга оширди, у эса боши билан гол киритди.
Тезкор голдан 14 дақиқа ўтиб, А.Файзуллаевнинг узатмасидан кейин тўпга биринчи бўлиб ҳужумчи Игорь Сергеев етиб келди ва ҳисобни 2:0 кўринишига олиб келди. Биринчи бўлим охирида (45+4) Ўзбекистон учинчи голни киритди – Фаррух Сайфиев ўнг қанотдан ошириб берган тўпни ҳимоячи Шерзод Насруллаев дарвозага аниқ жойлаб қўйди. Иккинчи бўлимда ўйин тизгини терма жамоамиз қўлида бўлди. Бироқ ҳисоб ўзгармай қолди. Беллашув давомида вакилларимиз хавфли вазиятлар яратиш, зарбалар бўйича устунлик қилди.
“SofaScore“ сайти ушбу ўйиндан сўнг футболчиларни баҳолаб чиқди. Энг юқори баллга бу йилги Осиё кубогида Ўзбекистон миллий терма жамоасининг илк голига муаллифлик қилган Аббосбек Файзуллаевни муносиб деб топди ҳамда унинг ҳаракатини 7.9 балл дея баҳолади. Қайд этиш лозим, Ҳиндистон терма жамоси дарвозасига иккинчи голни киритган Игорь Сергеев миллий терма жамоа сафидаги голлари сонини 20 тага етказиб олди. Мазкур ўйинни томоша қилиш учун “Аҳмад бин Али” стадионига 38 минг 491 нафар мухлис ташриф буюрди.
Маълумот учун, сўнгги учинчи турда Ўзбекистон – Австралия билан гуруҳ пешқадамлиги учун баҳс олиб борса, Ҳиндистон ва Сурия учинчи поғона учун куч синашади. Ушбу учрашув 23 январь куни соат 16:30 да бўлиб ўтади.
Энди “B” гуруҳидаги вазият ҳақида ва навбатдаги босқичга чиқиш борасида тўхталиб ўтамиз. Хабарингиз бор, мусобақа регламентига кўра гуруҳлардаги энг кучли иккита жамоа, шунингдек, учинчи ўринни эгаллаган тўртта энг яхши жамоа 1/8 финалга йўл олади.
“B” гуруҳида иккинчи турдаги ўйинлар натижасидан сўнг Австралия терма жамоаси 6 очко билан пешқадамлик қилмоқда. Ўзбекистонда эса 4 очко мавжуд ва улар иккинчи ўринда. Сурия 1 очко билан учинчи ва Ҳиндистон икки мағлубиятдан кейин сўнгги поғонада бормоқда. Бироқ ушбу гуруҳда бирор бир очко тўплай олмаган Ҳиндистонда ҳам оз бўлсада навбатдаги босқичга чиқиш имконияти бор.
Биз учун эса энг осон йўли Австралияни сўнгги турда ютиш ва гуруҳ пешқадами сифатида кейинги босқичга чиқиш ёки ҳеч бўлмаганда дуранг қайд этган ҳолда иккинчи ўрин соҳиби сифатида 1/8 финал босқичига йўл олишдир. Бироқ кутилмаганда Австралияга мағлуб бўлсак ҳам имкониятимиз қолади. Мағлуб бўлган тақдиримизда минимал ҳисобда, масалан 1:0 ҳисобида енгилсак, Сурия Ҳиндистонни 4:0 ҳисобида енгиб қўймаса, иккинчи ўринда қолишимиз аниқ. Агарда каттароқ ҳисобда мағлуб бўлсак, лекин иккинчи жуфтлик учрашувлари дуранг ёки Ҳиндистон ғалабаси билан тугаса ҳам плей-офф босқичига чиқишимизга шубҳа қолмайди. Шу тариқа, мағлуб бўлган тақдиримизда тўплар нисбати, яна мавжуд қоидаларга кўра ҳисоб-китоб қилинади ва ким навбатдаги босқичга чиқиши аниқ бўлади.
Маълумот учун, 1/8 финал босқичида “B” гуруҳидан биринчи ўринни эгаллаган жамоа 28 январь куни “Jassim bin Hamad” стадионида “A”, “C” ёки “D” гуруҳида учинчи ўриндан жой олган жамоа билан чорак финал йўлланмаси учун рақобатлашади.
“B” гуруҳида иккинчи бўлиб навбатдаги босқичга йўл олган жамоа 30 январь куни “F” гуруҳида иккинчи поғонадан ўрин олган терма жамоани “Al Janoub” стадионида синовдан ўтказади. Агарда “B” гуруҳида учинчи ўринни эгаллаб, нимчорак финалга чиқса,“D” ёки “C” гуруҳлари ғолибига қарши майдонга тушади. Ушбу учрашувлар гуруҳ вакилига қараб 29 ёки 31 январь куни бўлиб ўтади.
Нима бўлганда ҳам 3-турда Ўзбекистон миллий терма жамоаси ўз мухлисларини яхши натижалар билан қувонтиради. Футболда енгилмайдиган ва енга олмайдиган жамоаларнинг ўзи йўқ. Умид қиламизки, футболчиларимиз ҳам Осиё кубогида улкан ғалабаларга эришади.
Дарвоқе, кеча “С” гуруҳида иккинчи тур доирасида Фаластин ва БАА терма жамоалари ўзаро рақобатлашди ва 1:1 ҳисобида дуранг қайд этди. Шу тариқа БАА очколар ҳисобини 4 тага, Фаластин эса 1 тага етказиб олди.
Бугун, 19 январь куни ушбу гуруҳда Гонгконг – Эрон терма жамоалари ўзаро рақобатлашади. Шунингдек, “D” гуруҳида Вьетнам – Индонезия, Ироқ – Япония термалари ўртасида ўйин ўтказилади.
Осиё кубоги ҳақида яна бир қизиқарли маълумот: қитъамиз терма жамоалари курашаётган мусобақа бош совринининг қиймати 1 миллион АҚШ долларига тенг. Кубок кумушдан ясалган бўлиб, унинг оғирлиги 15 килограммни ташкил этади. Бўйи 78 см. ва эни 42 см.дан иборат кубок лотус гули шаклида англиялик Томас Лайт томонидан яратилган. Лотуснинг 5 та гулбарги Осиёнинг 5 та ҳудудий ассоциацияларини билдиради.
Кот-д’Ивуарда ўтаётган Африка кубогида 2-тур ўйинлари давом этмоқда. Турнинг марказий учрашувида мезбонлар, Кот-д’Ивуар терма жамоаси Нигерияга қарши майдонга тушди ва 0:1 ҳисобида мағлуб бўлди. Миср ва Гана термалари баҳси 2:2 ҳисобида якунланди. Яна бир учрашувда Экваториал Гвинея ва Гвинея-Бисау терма жамоалари баҳси 4:2 ҳисобида якунланди. Мусобақа давом этмоқда.
Европа қитъасида клублар мамлакат кубогида ўзаро рақобатлашмоқда. Жумладан, Испания кубоги нимчорак финалидан ўрин олган “Унионистас” – “Барселона” учрашувида каталонияликлар 1:3 ҳисобида ғалаба қозонди ва чорак финалга йўл олди. Мазкур босқичнинг марказий учрашувида Мадрид шаҳрининг “Атлетико” ва “Реал” клублари ўзаро рақобатлашди ва унда “Атлетико” 4:2 ҳисобида зафар қучди. Шу тариқа, “Атлетико” Испания кубоги чорак финалига йўл олди.
Италия суперкубогининг ярим финалидан ўрин олган “Наполи”–“Фиорентина” жамоалари баҳсида неаполликлар йирик 3:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Ушбу ғалабадан сўнг, “Наполи” финалга йўл олди. Бугун тунда ушбу мусобақанинг иккинчи ярим финал баҳслари бўлиб ўтади. Унда “Интер” – “Лацио” клублари ўзаро тўқнаш келади.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА