Ёшлар ишлари агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси бошқармасига оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда блогерлар учун бошқарма ҳузурида Ёшлар медиа маркази фаолият бошлаши муносабати билан пресс-тур ташкил этилди.

Тадбирда Ўзбекистон Ёшлар ишлари агентлиги Ахборот ва медиа хизмати раҳбари Нодир Абдуқодиров ва бошқалар сўзга чиқиб, ёшлар марказида амалга оширилаётган ишлар ҳамда фаолиятини бошлаётган медиа марказнинг имкониятларига тўхталди.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда оммавий ахборот воситалари сони ортиб бормоқда. Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан жамоатчилик фикри орқали ҳудудлардаги ижтимоий муаммоларни ҳал қилишга мўлжалланган “Ташаббусли бюджет” лойиҳасининг 2023 йилги биринчи мавсумида Ёшлар ишлари агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси бошқармасининг, шунингдек, кўплаб ёшларнинг талаб ва таклифлари асосида Нукус шаҳридаги Ёшлар марказида Ёшлар медиа марказини ташкил этиш лойиҳаси очиқ овозга қўйилиб, ғолиб бўлди.

Ёшлар ишлари агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси ҳузурида ташкил этилган “Ёш репортёрлар клуби” медиа соҳасига қизиқувчан ёшларни бирлаштирган бўлса, янги медиа марказнинг фойдаланишга топширилиши уларга чексиз қувонч бағишлади. Улар томонидан “Ёшлар бекати”, “Биласизми?” каби лойиҳаларнинг жонли тарзда олиб борилиши, шунингдек, савол-жавоб викториналарининг ўтказилиши томошабинлар аудиториясининг янада кенгайишига хизмат қилади.

–Ёшлар медиа маркази Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йилида фойдаланишга топширилаётгани аҳамиятлидир, – дейди Ўзбекистон Ёшлар ишлари агентлиги Ахборот ва медиа хизмати раҳбари Нодир Абдуқодиров. – Марказда нафақат ёш репортёрлар учун, балким ҳамкорлик қилувчи ташкилотларнинг вакиллари учун ҳам барча имконият мавжуд.

Пресс-тур давомида оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда блогерлар Ёшлар маркази биносида ташкил этилган “Бизнес клуб”, “Ахборот технологиялари”, “Немис тили”, “Робототехника” тўгараклари фаолияти билан ҳам яқиндан танишди ва ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.

Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА мухбирлари