Шу кунларда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида “Эл-юрт умиди” жамғармасининг стипендия танлови ғолиблари учун “Иқтидорли ёшлар: Янги Ўзбекистон истиқболи учун бирлашамиз!» мавзусида ўқув семинарлари бўлиб ўтмоқда.

Хорижга ўқишга кетаётган ёшларга Ватанга садоқат, ўзбек миллий қадриятларига ҳурмат, ғоявий-сиёсий ва ватанпарварлик руҳини сингдириш мақсадида ташкил этилган семинарда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид, маданият вазири Озодбек Назарбеков, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Рустам Мусурмон қатнашди.

Самимий ва қизғин руҳда кечган учрашувда шоирлар маъруза қилди, ўз шеърларидан ўқиди.

Сирожиддин Саййид ўз сўзида хорижга ўқишга кетаётган йигит-қизларга маданиятимиз орқали Ўзбекистоннинг обрўси, шаънини кўтариши кераклигини таъкидлади ва Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири Абдулла Ориповнинг хорижга кетаётган ёшларимизга қарата айтган гапларидан иқтибос келтирди:

“Болажоним! Ватан ўз-ўзидан Ватан бўлмайди. Фарзандлик бурчи ҳам худди шу Ватаннинг ўзи янглиғ улуғ ва муқаддасдир. Билгинки, унинг шаъни ота-онанг, ота уйинг, ака-ука, ёру сингилларинг шаънидир. Сен шундай муқаддасликка доғ туширмай, она юртингга соғ-омон қайтиб келгайсан. Ор-номус ва омад доимо Сенга ёр бўлсин!»

Президентимизнинг тегишли фармони билан ташкил этилган “Эл-юрт умиди” жамғармаси томонидан 2018-2023 йилларда 1 минг 900 нафарга яқин стипендиат дунёнинг 45 га яқин давлатида таълим олди.

Айни вақтда 485 нафар йигит-қиз АҚШ, Буюк Британия, Германия, Франция, Япония, Канада, Италия, Испания, Корея, Хитой, Россия каби давлатларда глобал академик рейтингда ТОП 300 таликка кирган университетларда олий таълимни давом эттирмоқда.

Ушбу стипендия танловида эса бакалавриат таълим дастурига 22 ўрин, магистратура таълим дастурига 193 ўрин ва докторантура таълим дастурига 130 ўринли стипендиялар ажратилган.

«Эл-юрт умиди” жамғармасининг 2023 йилги 2-очиқ стипендия танлови учун 2023 йилнинг 10 октябридан 10 ноябрига қадар, республиканинг барча ҳудудлари вакиллари учун ягона тартиб ва тенг имконият асосида, онлайн режимда ва электрон тарзда ҳужжатлар қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикасининг “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонуни билан давлат органлари ва ташкилотларида барчага тенг имкониятлар яратган ҳолда кадрларни саралаш ва уларнинг касбий фазилатлари, малакасини объектив баҳолаган ҳолда танлаб олишнинг шаффоф механизмлари жорий этилди.

Саралаш танловининг биринчи босқичи якунига кўра жами рўйхатдан ўтган 2 минг 45 нафар номзоднинг 641 нафари ўз аризаларига нуфузли хорижий таълим муассасасига ўқишга қабул қилингани ёки шартли қабул қилингани тўғрисидаги таклифнома-хатни илова қилган.

Тест синовларини муваффақиятли топширган номзодлар учун хорижда таълим олишдан кўзланган мақсад ва таълим олиш тугагач олинган билимларни Ўзбекистонда қўллаш имкониятлари, танлаган мутахассислиги бўйича билим ва кўникмалари, маънавий-ахлоқий тафаккури, соғлом дунёқараши, миллий ва умуминсоний қадриятларни аниқлашга қаратилган давлат тилида суҳбат Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси биносида жорий йил 4 декабрдан 12 декабрга қадар бўлиб ўтди.

Суҳбат ўтказиш комиссияси таркибига Президент Администрацияси вакиллари, мутасадди вазирлик ва идоралар раҳбарлари, экспертлари, Республика Маънавият ва маърифат маркази мутахассислари, хорижий университетлар ректорлари ҳамда Жамғарманинг хорижда таълим олган иқтидорли стипендиатлари киритилди. Суҳбат жараёнларининг ҳаққоний ва шаффоф ўтишини таъминлаш мақсадида танлов комиссияси таркибига Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг масъул ходимлари жалб этилди.

Суҳбат натижаларига кўра, 119 нафар номзод ижобий баҳоланиб, уларнинг 33 нафари бакалавриат, 77 нафари магистратура ва 9 нафари докторантура таълим дастурлари бўйича “Жамғарма стипендиати” деб эътироф этилди.

Учрашувда таъкидланганидек, ўқишга кетаётган талабалар хорижда пухта таълим олиб, юртимизга етук мутахассис бўлиб қайтишига ва олган билимларини Ўзбекистоннинг ривожи йўлида қўллашига ишонамиз.

Н.Усмонова, ЎзА