Пойтахтни қоплаган қуюқ туман сабабли айрим самолётлар “Тошкент” халқаро аэропортига қўна олмади. Бир қатор рейслар заҳирадаги аэродромлар томон йўналтирилди.

“Uzbekistan Airports” маълумотларига кўра,  “Uzbekistan Airways” авиакомпаниясининг “Москва-Тошкент” йўналиши бўйича парвоз қилувчи HY602 рейси пойтахтдаги аэропортга қўнишни амалга ошира олмади. Ҳаво кемаси экипажи Самарқанддаги заҳира аэродром томон учиб кетди. Самолёт Тошкент вақти билан соат 05:20да қўнди. Шунингдек, “Uzbekistan Airways” авиакомпаниясининг “Москва-Тошкент” йўналиши бўйича учаётган HY9613 рейси йўловчиларидан бирининг соғлиғи ёмонлашгани сабабли экипаж аъзолари Урганчдаги заҳира аэродромга қўнишга мажбур бўлди. Самолёт Тошкент вақти билан соат 06:42 да қўнди.

Бундан ташқари,“Centrum Air”, “Россия”, “Panorama Airways” ва “Jazeera Airways” авиакомпанияларининг самолётлари ҳам заҳира аэродромларига қўнишга мажбур бўлди.

Роман БОНДАРЧУК тайёрлади, ЎзА