Нукусда Қорақалпоғистон Республикаси Маҳаллани қўллаб-қувватлаш кенгашининг мажлиси бўлиб ўтди.
Унда Президентимизнинг 2023 йил 21 декабрдаги “Маҳалла институтининг жамиятдаги ролини тубдан ошириш ва унинг аҳоли муаммоларини ҳал этишда биринчи бўғин сифатида ишлашини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ҳамда “Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси фаолиятини йўлга қўйиш ва маҳаллаларда бошқарув тизимини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан маҳаллаларни қўллаб-қувватлашни янада такомиллаштириш борасида устувор вазифалар белгилаб берилгани қайд этилди. Фармонга мувофиқ республика маҳаллани қўллаб-қувватлаш кенгашига Бош вазир, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар ҳамда туман (шаҳар) маҳаллани қўллаб-қувватлаш кенгашларига тегишлича Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси ва ҳокимлар раислик қилади.
Ушбу фармон ва қарор билан маҳаллаларни қўллаб-қувватлашни янада жадаллаштириш, маҳалла тизимида ишлашга масъул бўлган шахсларнинг фаолиятини самарали ташкил этиш, уларнинг ҳамкорлигини таъминлаш, маҳаллалар фаолиятини амалга ошириши учун зарур шароитлар яратиш, уларга қонунда белгиланган ваколатларини амалга оширишига кўмаклашишга қаратилган чора-тадбирлар белгилаб берилди.
Тадбирда маҳалла раислари ҳамда ҳамкор ташкилотлар вакилларининг фикр-мулоҳазалари тингланди.
Мажлисда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси А.Оринбаев иштирок этди ва нутқ сўзлади.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири