Сув хўжалиги вазирлигида Ўзбекистон Экологик партияси билан Меморандум имзолаш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда таъкидланганидек, ҳозирги ўта мураккаб иқлим шароитида сайёрамизда юзага келаётган глобал экологик муаммолар сабабли сув ресурслари тақчиллиги хавфи тобора ортиб бормоқда. Бу нафақат Ўзбекистон ёки Марказий Осиё минтақаси, балки бутун дунё мамлакатларини ташвишга соладиган долзарб масаладир.

Бундан 30-35 йил олдин мамлакатимизда фойдаланиладиган йиллик сув миқдори 62-64 млрд. м3 атрофида бўлган, ҳозирга келиб 51-52 млрд. м3 га тушиб қолди. Агар вазият шу тарзда давом этса, яқин йигирма йилда икки йирик дарё – Амударё ва Сирдарё оқими ҳозиргидан 15 фоизга қисқариши, аҳоли жон бошига сув билан таъминланиш даражаси 25 фоизга, қишлоқ хўжалигида ҳосилдорлик эса 40 фоизга камайиб кетиши мумкин.

Меморандумда сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини қабул қилиш, уларга ўзгартишлар ва қўшимчалар киритишда ҳамкорлик қилиш, сув ресурсларидан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилишга оид давлат сиёсатининг асосий йўналишларини белгилаш ҳамда сув хўжалигига оид стратегик давлат дастурларини қабул қилиш, фуқароларнинг сув ресурслари ва объектларидан оқилона фойдаланиш, уларни муҳофаза қилишга қаратилган тарғибот тадбирларини кучайтириш каби муҳим вазифалар белгиланган.

Шунингдек, тадбирда Ўзбекистон Экологик партияси ва Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги билан ҳамкорликда 2024 йилда сув ресурсларидан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилишга қаратилган “йўл харитаси” тасдиқланди.

– Ўзбекистон Экологик партияси вазирлигимиз билан Меморандум имзоланиши ва биргаликда тарғибот тадбирларини олиб бориш ташаббуси билан чиққани бизни ниҳоятда хурсанд қилди. Биз ташаббусни қўллаб-қувватлаймиз, “йўл харитаси”даги барча тадбирларни биргаликда ва ўз муддатларида бажариб, амалий натижаларга эришамиз, – дейди Сув хўжалиги вазири Ш.Ҳамраев.

– Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Экопартиядан 15 нафар депутат бор. Маҳаллий кенгашлардаги депутатлари сони эса 600 нафарга яқин. Партия аъзоларининг сони 620 мингдан ошади, – дейди Экологик партия Марказий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси А. Ҳамзаев. – “Сув текин эмас” ғоясини тарғиб этишда, аҳоли ўртасида сувдан тежамкорлик билан фойдаланиш маданиятини юксалтиришда партиямиз катта куч ҳисобланади. Аслида бу фақат вазирликнинг иши эмас. Келажак авлод учун сув ва бошқа табиий ресурсларни асраш барчамизнинг бурчимиздир.

Тадбир якунида ОАВ вакиллари учун матбуот анжумани ўтказилиб, улардан тушган саволларга жавоб қайтарилди.

Санжар Тошпўлатов, Аброр Содиқов, Улуғбек Тўхтаев, ЎзА