Сув спорт турининг сакраш йўналиши бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари Германиянинг Росток шаҳрида ўтказиладиган халқаро мусобақада иштирок этади.

Тўрт кун давом этадиган мазкур турнирда Ўзбекистон терма жамоаси аъзоларидан Игорь Мялин ва Вячеслав Качанов 1 метрлик трамплиндан ва 10 метр баландликдан сакрашда ва 3 метр трамплиндан синхрон сакрашда медаллар учун курашиш билан бирга ўз маҳоратларини оширади.

Германияда ўтказиладиган мазкур халқаро турнир жорий йилнинг 2-18 февраль кунлари Қатарда сув спорт турлари бўйича ўтадиган 21-жаҳон чемпионатига тайёргарлик вазифасини ўтайди.

Халқаро сузиш федерацияси (FINA) хабарига кўра, Қатар пойтахти Доҳада ташкил этиладиган жаҳон чемпионатида 2 минг 600 га яқин спортчи сузиш спорт турининг 75 та медаллар жамланмаси учун кураш олиб боради. Ушбу жаҳон чемпионати баҳслари «Париж-2024» Олимпиадасининг муҳим йўлланмаларини тақдим этиши билан ҳам аҳамиятлидир.

Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари кеча Германияга жўнаб кетди.

Т. Рўзиев, ЎзА.