Францияда ўтадиган ёзги Олимпия ва Паралимпия ўйинлари ташкилий қўмитаси эълон қилган янгиликка кўра, анжуман машъаласи билан боғлиқ тантанали маросимларда жами 11 минг нафардан иборат ижрочилар иштирок этади.
Олимпия машъаласи эстафетаси ва тантанали аланга олдириш тадбири расмий ҳомийлари “Coca-Cola”, “Banque Populaire” ва “Caisse d’Epargne” компаниялари. Дастурга биноан, юриш марши ўйинларга уч ойдан кўпроқ муддат қолганда, яъни 8 майда бошланади.
Олимпия ва Паралимпия машъаласи уч устунли “Белен” кемасида Марселга олиб келинади, сўнг Франция бўйлаб саёҳат ташкил этилади.
“Париж-2024” машъаласи 26 июлга қадар Франция ва чегарадош мамлакатларнинг 50 дан зиёд шаҳри ва аҳоли манзилидан олиб ўтилади.
Спорт, жамоат ва минтақавий энергия тамойилини мужассам этадиган, Олимпия ҳароратини инсонлар қалбига жо этишга хизмат қилишга қаратилган машъала тадбири кўпчиликнинг ёдида қолиши шубҳасиз, дейилади Франция ОАВ тарқатган хабарда.
Т. Рўзиев, ЎзА