Қамалдаги Ғазо секторидаги инқироз икки давлат қарори билан якунланиши керак, натижада Фаластин ва Исроил бу даҳшатли инқирозни умумий келажак қуриш имкониятига айлантира олади.
Бу ҳақда БМТ Бош котиби Aнтониу Гутерриш Давосдаги Жаҳон иқтисодий форуми доирасида AҚШ давлат котиби Энтони Блинкен билан учрашуви олдидан журналистларга маълум қилган.
“Ўйлайманки, биз ҳаммамиз Украинадаги уруш БМТ Низоми ва халқаро қонунларга мувофиқ тугашини хоҳлаймиз. Биз Ғазо секторидаги инқироз тинч йўл билан ҳал қилинишини, Фаластин ва Исроил бу даҳшатли инқирозни умумий келажак қуриш имкониятига айлантириши мумкин бўлган икки давлат қарори билан якунланишини истаймиз”, — дея таъкидлади Бош котиб.
Шунингдек, у БМТ AҚШ билан бошқа кўплаб масалаларда – тинчлик, барқарорлик ва тараққиётни таъминлаш бўйича ҳамкорлик қилишдан манфаатдор эканини таъкидлади.
“Қўшма Штатлар ва Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ўртасидаги ҳамкорлик бизнинг ишимизнинг асосий қисмидир ва мен котиб Блинкеннинг дунёдаги энг қийин муаммоларни ҳал қилишдаги саъй-ҳаракатлари учун миннатдорман”, деди Гутерриш.
Блинкен билан учрашувда Ғазога гуманитар ёрдам етказиб бериш, маҳбусларни озод қилиш ва Исроил-Фаластин можаросини “икки халқ учун икки давлат” концепцияси асосида ҳал қилиш каби масалалар муҳокама қилинди.
Гутерриш ва Блинкен минтақадаги кескинликни камайтириш ва денгиз хавфсизлигини таъминлаш зарурлигини қайд этди.
Бундан ташқари, БМТ матбуот хизматининг маълум қилишича, бир кун аввал Гутерриш Эрон ташқи ишлар вазири Ҳусайн Aмир Aбдуллоҳиян билан телефон орқали суҳбат ўтказган ва суҳбат давомида Яқин Шарқдаги вазият муҳокама қилинган.
БМТ Бош котиби можаро томонларини Қизил денгиздаги кескинликни пасайтиришга ёрдам беришга чақирди ва БМТ Хавфсизлик Кенгашининг 2722-резолюцияси бажарилиши кераклигини таъкидлади.
Гутерриш Ғазо секторида гуманитар ўт очишни тўхтатиш ва барча маҳбусларни озод қилиш чақириғини такрорлади. Суҳбатдошлар эксклавда қабул қилинадиган гуманитар ёрдам ҳажмини ошириш зарурлиги тўғрисида келишиб олдилар.
ЎзА