Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида “Судлар мустақиллиги кафолатларини янада мустаҳкамлаш бўйича қўшимча чоралар кўрилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилди.

—Янги таҳрирдаги Конституцияда суд ҳокимиятининг мустақил ҳолда иш юритиши ва судьялар муайян ишлар бўйича ҳисобдор бўлмаслигига оид конституциявий кафолатлар белгилаб қўйилиши суд фаолиятининг самарадорлигини оширишда яна бир муҳим қадам бўлди, — деди депутат Шербек Бўронов. — Мазкур қонун лойиҳаси ҳам Конституциямизнинг 136-моддасида белгиланган судлар мустақиллиги кафолатларини тўлақонли таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилди. Қонун лойиҳаси билан “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги ва “Судлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунларига суд раисларининг халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига бир йилда камида бир марта ахборот тақдим этиши ҳақидаги қоидани бекор қилиш, шунингдек, судларнинг ўз фаолияти тўғрисида жамоатчиликни ҳар чоракда оммавий ахборот воситалари орқали хабардор қилиб боришини назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш назарда тутилмоқда.

Мазкур қонун лойиҳаси судлар мустақиллигининг кафолатлари янада мустаҳкамланишига, жамиятнинг судлар фаолияти тўғрисида мунтазам ахборот олиб бориши учун қатъий ҳуқуқий асослар яратилишига, улар фаолиятида шаффофликнинг таъминланишига хизмат қилади.

Мажлисда қонун лойиҳаси юзасидан қатор саволлар ўртага ташланди ва қизғин муҳокамалардан кейин қабул қилинди.

М.Комилова, ЎзА