Давлатимиз раҳбари куни кеча “Давлат божи тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига маъмурий судларга мурожаат қилишда фуқаролар учун янада қулай шарт-шароитлар яратишга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонунни имзолади.

Қонунга кўра, жисмоний шахслар ўз ҳуқуқларини ва қонуний манфаатларини бузаётган маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг, республика ижро этувчи ҳокимият органларининг, маъмурий-ҳуқуқий фаолиятни амалга оширишга ваколатли бўлган бошқа органларнинг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг, улар мансабдор шахсларининг қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан судга мурожаат қилганда давлат божини тўлашдан озод қилинади.

Мазкур шахсларнинг талабларини қаноатлантириш тўлиқ ёки қисман рад этилган тақдирда, давлат божи шу шахслардан талабларнинг қаноатлантирилиши рад этилган миқдорига мутаносиб равишда ундирилади.

Бундай ҳолатларда фуқаролардан берилган аризалар бўйича ундириладиган давлат божи БҲМнинг 70 фоизи этиб белгиланди (илгари БҲМнинг 1 баравари миқдорида эди).

Н.Абдураимова, ЎзА