Умумтаълим фанларидан миллий сертификат олиш учун имтиҳонда иштирок эта олмаган талабгорга қайта имкон бериладими?

400

Абитуриент қандай ҳолларда мажбурий фанлар бўйича белгиланган энг юқори баллга эга бўлиши мумкин?

Умумтаълим фанларини билиш даражасини аниқлаш ва давлат намунасидаги сертификатни бериш Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги томонидан тўлов асосида  амалга  оширилади, сертификат  электрон  шаклда   берилади. Сертификат бериш учун талабгордан ариза берилган кундаги базавий ҳисоблаш  миқдорининг 1,5 баравари  миқдорида  тўлов   ундирилади.

Мавжуд қонунчиликка кўра, умумтаълим фанларини билиш даражасини баҳолашнинг миллий тест синовларида иштирок этиш бўйича мурожаатларни Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари  портали орқали  электрон  шаклда  қабул  қилиниши  белгиланди.

АОКА да ўтказилган брифингда Билимни баҳолаш агентлиги директори маслаҳатчиси Фарҳод Мирзаевнинг маълум қилишича,  давлат хизмати кўрсатилиши учун рўйхатдан ЯИДХП орқали ўтилганлиги сабабли талабгордан  белгиланган  тўлов  миқдорининг 90 фоизи  ундирилади. “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизимида рўйхатга олинган шахсларга, шунингдек, I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга  мазкур давлат хизматини кўрсатишда белгиланган тўловнинг 50 фоизи миқдорида чегирма  қўлланилади.

Қайд этилишича, тест синовини ўтказиш санаси у ўтказиладиган кундан камида етти кун олдин  ЯИДХП  орқали эълон қилинади. Талабгор тест синови  ўтказиладиган сана ва жой тўғрисидаги маълумотга ЯИДХП  орқали  эга бўлади.

Агар ариза берувчи турли сабабларга  кўра тест синовларида иштирок эта олмайдиган бўлса, Агентликка тест синовлари ўтказиладиган кундан камида уч кун  олдин  ЯИДХП  орқали  электрон  шаклда  мурожаат   этиши лозим. Узрли сабабга кўра, (касаллиги ёки оила аъзоларининг вафот  этганлигини тасдиқловчи ҳужжатни тақдим  этганда) тест синовларида қатнаша олмаган талабгор тест синови ўтказилган санадан беш иш кундан кечикмай, ушбу ҳолатни тасдиқловчи ҳужжатларни ЯИДХП орқали Агентликка электрон шаклда  тақдим  этиши керак.

Фуқаролиги бўлмаган шахслар ва  чет   эл  фуқаролари Адлия вазирлиги  томонидан вақтинча рўйхатга олинади ҳамда улар учун ЖШШИР рақами шакллантирилади. Бунда 16 ёшга тўлмаган шахслар ID-карта ёки хорижга чиқиш паспорти орқали рўйхатга  олинади.

Баҳолаш мезонларига кўра, умумтаълим фанларини  билиш  даражасини  аниқлаш  бўйича  А+, А, Б+, Б, C+, C, даражали  сертификатлар  берилади.

Тест натижалари халқаро методика —RASH модели асосида  ҳисобланади. Унга  кўра, 70 баллдан юқори  балл олган  талабгорга  А+ даража, 65 — 69,9 балл  олган  талабгорга   А  даража, 60 — 64,9 балл  олган  талабгорга   Б+ даража, 55 — 59,9 балл  олган  талабгорга  Б даража, 50 — 54,9 балл олган  талабгорга   C+ даража ҳамда 46 — 49,9 балл олган  талабгорга  C даражали  сертификат  берилади.

Сертификат 3 йил муддатга  берилади. Бунда: А+, А даражали сертификат олган абитуриентларга олий таълим муассасаси бакалавриатига ўқишга қабул қилиш бўйича тест синовларида ушбу фандан белгиланган максимал балл  берилади.

Б+, Б, C+, C, даражали сертификат олган абитуриентларга мос равишда сертификатдаги умумий  баллга нисбатан фоиз асосида олий таълим муассасаси бакалавриатига ўқишга қабул қилиш бўйича тест синовларида ушбу фандан белгиланган максимал баллга нисбатан  табақалаштирилган (пропорционал) балл  тақдим этилади.

Миллий  сертификатга эга бўлган абитуриентлар  тегишли  мажбурий фанлар бўйича  белгиланган  энг  юқори баллга эга бўлишади.

Муҳайё Тошқораева, ЎзА