“Ўзбекистон – 2030”: “Мамлакат платформаси”нинг қонун устуворлиги ва давлат бошқаруви йўналиши муҳокамаси

350

Адлия вазирлигида “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида белгиланган, тегишли соҳалардаги мақсадларга эришишда кўмаклашадиган “Мамлакат платформаси”нинг қонун устуворлиги ва давлат бошқаруви йўналиши бўйича ишчи гуруҳнинг йиғилиши ўтказилди.

Ўзбекистон бўйича “Мамлакат платформаси” донорлар ва ривожланиш бўйича ҳамкорлар фаолиятини мувофиқлаштириш ҳамда уларнинг қўшма лойиҳаларини амалга оширишда иштирок этувчи вазирликлар ва идоралар билан ўзаро ҳамкорлигини таъминлашга қаратилган механизм ҳисобланади.

“Мамлакат платформаси” доирасида “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида белгиланган “Қонун устуворлигини таъминлаш, халқ хизматидаги давлат бошқарувини ташкил этиш” йўналишига мувофиқ тегишли вазифаларни муваффақиятли амалга ошириш, шунингдек, қонун устуворлиги ва давлат бошқаруви йўналиши бўйича бенефициар бўлмиш давлат идоралари учун устувор бўлган соҳаларда янада самарали ҳамкорликни кучайтиришга келишиб олинди.

“Мамлакат платформаси” доирасида донор ва ривожланиш бўйича ҳамкорлар иштирокида келгусида амалга ошириладиган тадбирлар белгиланди. Устувор йўналишлар хорижий томонга етказилди, шунингдек, ишчи гуруҳнинг 2024 йилдаги иш режасига киритиладиган тадбирлар муҳокама қилинди.

Халқаро ташкилотлар ва донорлар “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида белгиланган мақсадларга эришиш бўйича халқ хизматидаги давлат бошқарувини ташкил этиш ва жамоатчилик бошқарувини такомиллаштириш ҳамда ҳамкорликда амалга оширилаётган лойиҳалар доирасини кенгайтиришга тайёр эканликларини маълум қилди.

Маълумот учун, “Мамлакат платформаси” механизми 2019 йил октябрь ойида Вашингтонда бўлиб ўтган Жаҳон банки гуруҳи ва Халқаро валюта жамғармаси бошқарув кенгашининг йиллик йиғилишлари доирасида жорий этилган.

Ўзбекистон 2020 йилдан бошлаб мазкур механизмни синовдан ўтказишда иштирок этувчи 13 та пилот давлат қаторига кирди.

Платформанинг мақсади мамлакатлар ҳукуматларининг халқаро молия институтлари, халқаро ташкилотлар, молиявий ва техник ёрдам кўрсатувчи икки томонлама ривожланиш бўйича ҳамкорлари билан ижтимоий-иқтисодий ривожланишга ҳисса қўшадиган давлат дастурлари ва лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишда ўзаро ҳамкорликни мувофиқлаштиришдан иборат.

“Мамлакат платформаси” Ўзбекистонга кенг кўламли ижтимоий-иқтисодий масалаларни ҳал этиш учун ташқи ёрдамни тезкор сафарбар этиш ва улардан фойдаланишни таъминлаш; тараққиёт бўйича халқаро ҳамкорларнинг молиявий кўмаги ва тажрибасини жалб қилган ҳолда муҳим ижтимоий-иқтисодий ва ҳуқуқий лойиҳаларни ишлаб чиқиш, тайёрлаш ва амалга оширишда изчил ва тизимли ёндашувдан фойдаланиш; иқтисодиётнинг стратегик тармоқларини барқарор ривожлантириш учун зарур бўлган молиялаштиришни жалб этиш имкониятларини беради.

Н.Абдураимова, ЎзА