Энди болалар соғломлаштириш оромгоҳлари йил давомида ишлайди(ми?)

Келажагимиз эгалари бўлган ёш авлодни соғломлаштириш ишларини ташкил этиш, айниқса, дам олиш мавсумида ҳамда ундан ташқари вақтда болаларимизнинг оромгоҳларда дам олишига кенг шароит яратиш муҳим масалалардан бири ҳисобланади.
Шу мақсадда касаба уюшмалари тизимидаги болалар соғломлаштириш оромгоҳларини болаларнинг дам олиш мавсумидан ташқари вақтда дам олиш масканлари сифатида фойдаланишини ташкил этиш ва бундан олинадиган даромадлари бўйича маълум бир муддатга фойда солиғидан озод этилиши белгиланмоқда. Бундан ташқари, оромгоҳларни мажбурий равишда сертификатлаштирилиши талаб этилмаслиги белгиланмоқда.
Ушбу тартибларни ўзида акс эттирган “Болалар соғломлаштириш оромгоҳларининг фаолиятини янада қўллаб-қувватлашга қаратилган Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимча киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида иккинчи ўқишда моддама-модда муҳокама қилинди.
Мажлисда қўмита раиси Эркин Зоҳидов қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида депутатлар берган таклиф ва тавсиялар асосида ундаги нормалар маромига етказилганини қайд этди. Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши касаба уюшмалари тизимидаги болалар соғломлаштириш оромгоҳларидан йил давомида самарали фойдаланиш ва уларнинг молиявий барқарорлигини таъминлаш орқали уларда болаларга яратиладиган шарт-шароитларни яхшилаш, болаларни соғломлаштириш бўйича ишлар самарадорлигини ошириш ҳамда йўлланмалар нархларини барқарорлаштиришга хизмат қилишини таъкидлади.
Муҳокамалар давомида халқ вакиллари бир қатор саволларни ўртага ташлади ва масъуллар ҳамда қонун ташаббускорлари томонидан жавоб қайтарилди. Қизғин баҳс-мунозаралардан сўнг, қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қабул қилинди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА